Бир йил аввал — 2024 йилнинг август ойида OSON 50 та терминалдан иборат кичик синов (пилот) лойиҳани ишга туширганида, кўпчилик "рақамли даврда бу каби физик инфратузилмалар қанчалик керак?" деган саволни берган эди. Бугун эса жавоб аниқ — албатта керак ва жуда керак!.
Ўтган 12 ойда Ўзбекистонда бу каби терминаллар тармоғи 50 бараварга ўсиб, 2 550 та қурилмага етди. Шундан қарийб чорак қисми (650 таси) — OSON’нинг ўз терминаллари, 1 900 таси — агентлар инфратузилмасиникидир. Терминаллар тармоғи мамлакатнинг учта йирик ҳудудида молиявий хизматларга узлуксиз кириш имкониятини таъминлаяпти.
Офлайн амалиётларда инқилоб: Ўйинлар ва gift-карталарни нақд пулга харид қилиш
Тармоқ оммалашувига асосий туртки — уникал рақамли контент тақдимоти бўлди. OSON Ўзбекистон бозорида биринчи бўлиб PUBG, Steam, PlayStation, App Store, Google Play каби жаҳон платформаларининг совға карталари (gift cards) ва тўловларини офлайн (терминал) орқали, нақд пулгса сотиб олиш имкониятини яратди.
Бу эса фойдаланувчилар учун қатор қулайликларни яратди: картасиз харид — геймерлар ва ёшлар тўғридан-тўғри нақд пул билан ўйин ички валютасини ёки обунани харид қилади. Шунингдек, фойдаланувчи терминал орқали OSON ҳамёнини тўлдириб, дарҳол иловадаги барча рақамли хизматларга уланади.
OSON терминаллари шу тариқа нақд пул иқтисодиёти билан глобал рақамли хизматлар бозори ўртасидаги тўсиқни йўқ қилди.
Ишонч динамикаси: миллионлардан — триллионгача
Тармоқнинг кенгайиши ва бой контенти ўз навбатида амалиётлар ҳажмини кескин оширди. Хусусан, 2024 йил II ярим йилликда 639 минг транзакция орқали 140,1 млрд сўмлик, 2025 йил I чорагида 1 млн транзакция орқали 189,6 млрд сўмлик, жорий йил ўтган 9 ойида эса қарийб 3,5 млн транзакцияда 702,2 млрд сўмлик амалиётлар бажарилди.
Компания бир трлн сўм айланмага яқинлашди — бу офлайн-инфратузилманинг ҳали ҳам бозорда ҳал қилувчи ўрин тутганини исботлади.
"OSON Terminals минглаб одамларнинг рақамли дунёга киришидаги биринчи нуқта бўлди. Биз финтех — бу фақат смартфон иловалари эмас, балки реал инфратузилма эканини амалда кўрсатдик. Gift-карталар ва глобал сервисларни терминаллар орқали сотиб олиш имкониятини жорий этиш билан яна бир тўсиқни йўқ қилдик. Энди халқаро банк картаси бўлмаса ҳам фойдаланувчи имкониятлари чекланмайди. Бу — ҳақиқий молиявий инклюзия. Биз нақд пулдан рақамли иқтисодиётга олиб борадиган кучли кўприк қурмоқдамиз", дейди OSON асосчиси ва ижрочи директори Фарҳод Маҳмудов.
Иқтисодиёт учун ҳисса ва 2026 йил режалари
Лойиҳа орқали 100 дан ортиқ техник мутахассис ва муҳандислар учун иш ўрни яратилди. Инфратузилмага йўналтирилган инвестициялар ҳажми эса 1 млн АҚШ долларидан ошди.
2026 йил учун компания яна 3 млн доллар инвестиция ажратмоқда. Бу маблағлар тармоқни янада кенгайтириш ва cash-out функциясига эга янги авлод терминалларини жорий этишга сарфланади. Бу — OSON экотизимида маблағ айланишининг тўлиқ циклини якунловчи муҳим қадам бўлади.
