Пул массаси октябрь ойида ҳам ўсишда давом этди

17.11.2025 11:17

180

2025 йилнинг октябрь ойида кенг маънодаги пул массаси қарийб 11 трлн сўмга кўпайиб, унинг жами миқдори 345 трлн сўмга яқинлашди. Пул агрегатларининг барчасида ой давомида ўсиш кузатилди, хусусан муомаладаги нақд пуллар 2,1 трлн сўмга кўпайди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, октябрь ойида кенг маънодаги пул массаси 10,9 трлн сўмга ортган ва жами 344,7 трлн сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, ой давомида бошқа пул агрегатларида ҳам ўсиш қайд этилди. Хусусан, миллий валютадаги пул массаси 282,3 трлн сўм (ўсиш +12,2 трлн сўм), муомаладаги нақд пуллар ҳажми 67,1 трлн сўм (+2,1 трлн сўм), сўмдаги талаб қилиб олингунча депозитлар 64,3 трлн сўм (+2,4 трлн сўм), сўмдаги бошқа депозитлар 150,9 трлн сўмга (+7,7 трлн сўм) етган .

Фақатгина чет эл валютасидаги депозитлар 1,3 трлн сўмга камайган ва умумий 62,3 трлн сўмга тенг бўлган.

Пул агрегатларининг барчасида йиллик ҳисобда ўсиш кузатилган. Жумладан, сўмдаги бошқа депозитлар 42,7 фоизга, миллий валютадаги пул массаси эса 28,2 фоизга ошган. Кенг маънодаги пул массасининг йиллик ўсиши 24,3 фоизга тенг бўлган. 

Манба: Марказий банк

Кенг маънодаги пул массаси (М2) Халқаро валюта жамғармасининг “Пул-кредит ва молиявий статистикани шакллантириш қўлланмаси” (ПМСШҚ 2016) концепция ва таснифларига мувофиқ Марказий банк ва бошқа депозит ташкилотларининг (тижорат банклари) мажбуриятлари маълумотлари асосида ҳисобланган. М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда уй хўжаликларининг (аҳоли) миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча , жамғарма ва муддатли депозитларини олади (ПМСШҚ 2016 мувофиқ пул массаси таркибига киритилмайдиган депозитлардан ташқари). 

Тор маънодаги пул массаси (М1) ўз ичига муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитларни олади.

Теглар:

#пул_массаси#Марказий_банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган