Ижтимоий тармоқлар орқали 600 нафар фуқаронинг пулларини ўзлаштирган фирибгарлар ушланди

10.11.2025 13:24

92

Тошкент вилоятида Telegram ва Instagram орқали киберфирибгарлик билан шуғулланиб келган тўрт нафар шахс қўлга олинди. Улар “лимитлаш хизмати” номли саҳифа очиб, фуқароларга микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган кредит лимитларини нақдлаштириб беришни ваъда қилган.

Фото: The Moscow Post

Telegram ва Instagram тармоқларида фуқароларга Кредит лимитини нақд пул қилиб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан олинган жами 1 млрд 32 млн сўм пулларни ўзлаштирган аноним шахслар ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент вилояти ИИББ Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан Оҳангарон туманида яшовчи 2005 йилда туғилган фуқаро Б.Н. ва унинг уч нафар шериклари қўлга олинган.

Аниқланишича, улар Telegram мессенжери ҳамда Instagram ижтимоий тармоғида “лимитлаш хизмати” номли саҳифа очиб, фуқароларга микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган кредит лимитларини нақдлаштириб беришни ваъда қилган.

Шу орқали гумондорлар ўзлари рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъекти орқали онлайн савдо платформаларида фаолият юритиб, фуқаролардан олинган жами 1 млрд 32 млн сўм пул маблағларини алдов йўли билан ўзлаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда фуқароларга етказилган моддий зарарларни ундириш чоралари кўрилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилгани маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Тошкент вилоятида содир этилган умумий жиноятларнинг 44 фоизини кибержиноятлар ташкил этмоқда.

Ушбу жиноятларнинг асосий қисми, зарарли ҳаволалар орқали банк карта ёки аккаунтни эгаллаб олиш, товар ва хизматлар учун олдиндан тўловни талаб қилувчи сохта битимлар, сохта крипто биржалар орқали фирибгарлик, ўзгалар номига онлайн кредит олиш, телефон қўнғироқлари орқали алдов йўли билан маблағларни ўғирлаш ҳолатлари ташкил этади.

Теглар:

#кибержиноят#киберфирибгарлик#киберхавфсизлик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган