Click ва payme тўққиз ойда қанча соф фойда олгани маълум бўлди

03.11.2025 10:38

473

2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида “Click” акциядорлик жамияти 235,7 млрд сўм (ўтган йил мос даврига нисбатан 31 фоизга кўп), "payme" акциядорлик жамияти эса 287,3 млрд сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 54 фоизга кўп) соф фойда олди.

Иллюстратив фото: Bankers.uz

“Click” АЖ 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида 235,7 млрд сўм соф фойда олди. Компания соф фойдаси ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 56,4 млрд сўмга ёки 31,4 фоизга ўсди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.

Ўтган давр мобайнида компания даромади ярим млрд сўмдан зиёдроқни ташкил қилди ва 549,1 млрд сўмга тенг бўлди (ўсиш +30,4 фоиз). Харажатлар эса 26,3 фоизга ошиб, 284,4 млрд сўмга етди.

III чоракда Click устав капитали 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмга оширилди. Компания жами активлари 7,6 млрд cўмга кўпайиб, 356,9 млрд сўмга етди. Ташкилот тегишли даврда 899 млн сўм даромад солиғи тўлади.

Шунингдек, “payme” АЖ ҳам тўққиз ой якуни бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, компания соф фойдаси ўтган йил мос даврига нисбатан 53,7 фоизга ошиб, 287,3 млрд сўмни ташкил этди.

Ташкилот даромадлари 534,2 млрд сўм (+56,3 фоиз) ни, харажатлари эса 159 млрд сўм (+68 фоиз) ни ташкил қилди. Тегишли даврда “payme” жами активлари 939 млрд сўмга етди, устав капитали 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмга оширилди.

Январь-сентябрь ойларида компания 4,8 млрд сўм миқдорида даромад солиғи тўлаган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда қарийб 4 баробарга кўпроқдир.

 

Теглар:

#payme#click

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган