Доллар курси 12 минг сўмдан паст кўрсаткичга тушди

29.10.2025 17:09

293

Эртадан 1 АҚШ доллари 11 990,53 сўм этиб белгиланди. Бундай паст курс охирги марта 2023 йил август ойида қайд этилган. Ўшанда 10 август куни 1 АҚШ доллари курси 11 667 сўм бўлган, эртаси кундан эса кескин — 408,03 сўмга кўтарилганди.

Фото: Гулноза Қодирова / Bankers.uz

Марказий банк томонидан 30 октябрь учун эълон қилинган расмий валюталар курсида 1 доллар 11 990,53 сўм этиб белгиланди. Бу 2023 йил август ойидан бери энг паст кўрсаткичдир. Ўшанда 10 август куни курс 1 АҚШ доллари учун 11 667 сўмни ташкил қилган, эртаси кундан — 11 августдан курс кескин 408,03 сўмга кўтарилганди.

Доллар курси 2025 йил бошидан буён 914,38 сўмга ёки 7,6 фоизга қадрсизланди. 14 февраль куни 13 000 сўмдан ошгандан кейин доллар курси пастлай бошлади ва ўша кунги қийматидан 1 013 сўмга пасайди.

Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳида қайд этилишича, январь-сентябрь ойларида асосий савдо ҳамкорлар валюта курслари динамикасида россия рубли долларга нисбатан 27 фоизга, хитой юани – 2,5 фоизга, корея вони – 5 фоизга мустаҳкамланган бўлса, қозоқ тенгеси – 4,6 фоизга қадрсизланди.

"Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг ташқи рақобатбардошлигини сақланиб қолишига ҳисса қўшди. Хусусан, иқтисодиётнинг умумий рақобатбардошлигини кўрсатувчи реал эффектив курси динамикасида йил бошидан буён 1,5 фоизга қадрсизланиш кузатилиб, ташқи савдо ҳамкорларга нисбатан валюта курсида реал мустаҳкамланиш кузатилмади".

Шунингдек, олтин нархининг юқори суръатларда ўсиб, бир троя унцияси учун 2610 доллардан 3807 долларгача ошиши ички ваюта бозорига валюта тушумларини ҳам мос равишда кўпайтирган. Умуман олганда, Ўзбекистонда экспорт, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари каналлари орқали валюта оқимларининг сезиларли даражада ошиши, шунингдек, хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсувчи динамикаси ҳамда импортнинг маълум даражада барқарорлашиши ички валюта бозорида валюта курси мустаҳкамланишига таъсир этган омиллардан бўлган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб сўм алмашув курсининг кунлик тебраниши икки баробарга ошди ва мослашувчан валюта курси сиёсатини юритаётган ривожланаётган давлатлар алмашув курсларининг кунлик тебранишларининг ўртача кўрсаткичига яқинлашди.

2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида миллий валюта мустаҳкамланиши иқтисодиётга қуйидагича таъсир кўрсатди:

  • миллий валютадаги ҳисоб-китоблар ҳамда жамғаришнинг фаоллашиши ҳисобига банк тизимидаги миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил бошидан 23 фоизга ошди ва 205 трлн сўмга етди;
  • аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 12 фоизгача секинлашди (йил бошида 14-15 фоиз) ҳамда кутилмалар шаклланишида валюта курси омили икки баробарга қисқарди;
  • депозит ва кредитларнинг долларлашув даражаси пасайиш динамикаси тезлашди (кредитлар бўйича 41 фоиздан 37 фоизгача, депозитлар бўйича 26 фоиздан 23 фоизгача);
  • мижозларнинг банкларга жами валюта сотуви 33 фоизга ошиб, 32 млрд долларга етди.
"Алмашув курсининг мустаҳкамланиши натижасида иқтисодиётимизда миллий валютага бўлган ишонч ошиши билан боғлиқ бир қатор ижобий макротенденсиялар кузатилмоқда. Ушбу тенденцияларнинг давом этиши миллий валютага бўлган ишончни кучайтириб, сўмдаги активлар жозибадорлигини ошишига ва умуман олганда макроиқтисодий барқарорликка ижобий ҳисса қўшади", дейилади МБ шарҳида.

Теглар:

#валюта_курси#валюта#доллар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган