Масофавий банк хизматлари фойдаланувчилари сони 552 мингтага кўпайди

DBS-11-21

Марказий банк томонидан 1 ноябрь ҳолатига кўра масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчиларга оид статистикани тақдим этилди.

Регулятор хабарига кўра, жами 19,3 млн. нафар тижорат банклари мижозлари масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланади. Улардан 18,3 миллион нафари (ёки 95 фоизи) жисмоний шахслар, 947 мингтаси юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар саналади.

Октябрь ойи давомида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар орасида масофавий банк хизматлари фойдаланувчилари сони 15,65 мингтага кўпайди. Энг кўп ўсиш Агробанк (3876 та), Халқ банки (2486 та), Ипотека-банк (1473 та), Миллий банк (1468 та), Ҳамкорбанк (1365 та) да қайд этилган. Туркистонбанк (-135 та), Давр-банк (-8 та), Савдогар банк (-3 та) ларда масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони ўтган ой мобайнида камайган.

1 ноябрь ҳолатига кўра, жисмоний шахслар орасида масофадан банк хизматларини кўрсатувчи тизимлардан фойдаланувчилар сони бўйича Агробанк (2,9 млн. киши), Халқ банки (2,8 млн. киши), Ипотека-банк (1,7 млн. киши), Миллий банк (1,3 млн. киши), Ҳамкорбанк (1,2 млн. киши) лар етакчиликни қўлга киритган. Ушбу банкларнинг республика бўйлаб кенг филиаллар тармоғи мавжудлиги, банкка келиб унинг хизматларидан фойдаланувчи мижозлари сонининг кўплиги сабабли ҳам уларда масофадан банк хизматларидан фойдаланувчилар сони нисбатан кўпроқ. Октябрь ойи давомида Микрокредитбанк (-3604 киши), Мадад Инвест банк (-9 киши) ларнинг масофадан туриб хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар сони камайган. Шунингдек, Ўзагроэкспортбанкнинг ҳам юридик, ҳам жисмоний шахс бўлиб масофавий банк хизматларидан фойдаланувчи мижозлари сонида ўзгариш кузатилмаган.

×