Ўзбекистонлик аёл мутахассис Raiffeisen Bank молиявий директори этиб тайинланди

17.10.2025 14:46

612

Ўзбекистонлик Камила Маҳмудова Европадаги йирик молиявий гуруҳлардан бири — Raiffeisen Bank International (RBI) банки молиявий директори лавозимига тайинланди. У 2021 йилдан банкнинг Чехиядаги шўъба бўлинмасида молиявий директор сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Фото: Raiffeisen Bank International AG

Raiffeisen Bank International AG (RBI) Бошқарув кенгаши 2026 йил 1 январдан бошлаб Камила Маҳмудовани банкнинг янги Молия директори (Chief Financial Officer, CFO) лавозимига тайинлаш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банкнинг расмий сайтидаги ахборотда маълум қилинган.

Ўзбекистонлик бўлган Камила Маҳмудова молиявий соҳада 20 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. LinkedIn маълумотларига кўра, К.Маҳмудова 1993-1997 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида, шу орада (1995-1996 йилларда Иллинойс коллежида) таҳсил олган.

Шунингдек у Вена иқтисодиёт ва бизнес университети (Vienna University of Economics and Business) да, АҚШдаги Миннесота Университетининг бизнес ва менежмент факультети (UMN Carlson School of Management)да MBA дастурларини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида у 1999-2001 йилларда (собиқ) Ўзбекистон Давлат мулк қўмитасида, 2001-2007 йилларда эса Халқаро молия корпорацияси (IFC)да ишлаган. Унинг RBI гуруҳидаги фаолияти 2007 йилда бошланган ва кейинчалик у “Корпоратив ривожланиш ва стратегик бошқарув" бўлинмасига раҳбарлик қилган. К.Маҳмудова 2021 йилдан эса Чехиядаги Raiffeisenbank a.s. банкда CFO сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Банк расмий сайтида К.Маҳмудованинг молиявий стратегия, инвестициялар ва корпоратив бошқарув соҳасидаги тажрибаси банкнинг молиявий самарадорлигини ошириш ҳамда барқарор ривожланиш стратегиясини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилаётгани айтилган.

Камила Маҳмудова лавозимга киришгач, молия директори функцияси яна алоҳида бошқарув йўналиши сифатида тикланади.

Банк ҳақида: Raiffeisen Bank International AG (RBI) — Австриянинг Вена шаҳрида жойлашган йирик халқаро молиявий гуруҳ бўлиб, Марказий ва Шарқий Европанинг 13 мамлакатида фаолият юритади. Банк чакана ва корпоратив хизматлар, инвестиция операциялари, лизинг ҳамда рақамли молиявий ечимлар соҳасида етакчи ўринни эгаллайди. 2024 йил якунига кўра, RBIнинг умумий активлари 200 миллиард еврони, соф фойдаси эса 3,6 миллиард еврони ташкил этган. Вена фонд биржасида котировка қилинган банк гуруҳи 17 миллиондан зиёд мижозга хизмат кўрсатиб, “Creating value for the future” шиори остида барқарор ривожланиш, инновациялар ва масъули бизнес тамойилларига таянади.

ChatGPTнинг фикрича, бу каби тайинловлар Ўзбекистондаги тижорат банклари учун ҳам халқаро корпоратив бошқарув стандартлари, молиявий ҳисоботнинг аниқлиги ва стратегик менежментни янада ривожлантириш йўналишида муҳим илҳом манбаи ҳисобланиши керак.

Теглар:

#raiffeisen#ХМК#Камола_Маҳмудова

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган