Доллар курсининг ҳозирги ўсиши хавотирли эмас — мутахассис фикри

16.11.2021 12:50

1 467

Иқтисодчи Отабек Бакиров АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий қиймати ноябрь ойининг бошидан буён 66,59 сўмга кўтарилгани борасида ўз телеграм каналида фикрларини билдириб ўтди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров. Фото-скриншот: "Ular" /YouTube

Иқтисодчи Отабек Бакиров АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий қиймати ноябрь ойининг бошидан буён 66,59 сўмга кўтарилгани борасида ўз телеграм каналида фикрларини билдириб ўтди. Хусусан, қисқа муддатда нисбий сезиларли юқорилаш аввалроқ июлнинг ўрталарида ва кейин сентябрь ойи бошида юз берганлигини эслатиб ўтган мутахассис ушбу ўсишнинг сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилган ва уни "хавотирсиз" эканлигини таъкидлаган.

Иқтисодчининг фикрича, мазкур ўсишга биринчи ва энг асосий сабаб, талабнинг мавсумий ошаётгани билан боғлиқ. "Солиштириш учун масалан, валюта биржасида ноябрь ойининг дастлабки олти савдо кунидаги битим ҳажмидан кейинги олти кундаги битим ҳажми 52% га кўп бўлган: 1-8 ноябрь кунлари 420 млн долларлик савдолар ўтган бўлса, 9-16 ноябрь кунлари битимлар қиймати 640 млн долларни ташкил этган. Одатда, биржадаги талаб буюртмалари кўпроқ ҳажмни ташкил этса, табиийки битимларда регулятор таклифининг улуши юқорироқ бўлади. Қолгани бозор қоидаси", дея таъкидлаган О.Бакиров.

Иккинчи сабаб сифатида эса "тарихий максимумлар даражасида инфляцияни бошдан кечираётган доллар бутун фронт бўйлаб мустаҳкамланаётгани" кўрсатилган. Отабек Бакиров ;Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари — Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон валюталари ҳам ўзининг қийматини йўқотаётганлигига, долларнинг асосий валюталарга нисбатан индекси охирги ҳафтада 94 дан 95,6 гача кўтарилганлигига эътибор қаратиб, бошқача айтганда, ушбу глобал тенденцияни сўм ҳам қайсидир маънода такрорламоқда, деган.

"Бундан қандайдир қўрқув ва оқибатлар кутиш ўринли эмас. Ҳозирда ва яқин истиқболда сўмнинг долларга нисбатан барқарорлигини хавфга соладиган бирон жиддий фундаментал омиллар мавжуд эмас.

Агар савдоларда талаб ҳажми ўртача ойлик қийматларгача барқарорлашмаса ва доллар индекси юқорилигича қолса, долларнинг сўмга нисбатан қийматини навбатдаги 10750-10850 сўм оралиғидаги медианага мустаҳкамроқ ўрнашишга ҳаракат қилишини кўришимиз мумкин. Бу сўм қийматининг узоқ муддатли трендига мос келади", деб ёзмоқда иқтисодчи О.Бакиров.

Теглар:

#бакиров#иқтисодчи

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган