Банк омонатлари бозори таҳлили эълон қилинди

25.09.2025 17:05

752

Марказий банк Ўзбекистондаги тижорат банкларда мавжуд омонатлар, уларнинг муддати, фоиз ставкалари, валютаси ва бошқа муҳим шартлари, шунингдек омонатчиларнинг жинси ва ёш гуруҳларига бўлган ҳолда таҳлил қилинган махсус шарҳни эълон қилди.

Фото: Bankers.uz

Банк омонатлари тижорат банкларининг ресурс базасини шакллантиришда асосий молиявий манба бўлиб, аҳоли учун эса жамғармаларни сақлаш ва кўпайтиришнинг ишончли воситаси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотлари асосида омонат бозорининг тузилиши, фоиз ставкалари, валюталар кесими, мослашувчанлик имкониятлари ва рақамлаштириш даражасини таҳлил қиладиган жадвал эълон қилинди.

2025-йил 1 август ҳолатига кўра, мамлакатдаги 32 та тижорат банки жами 186 турдаги омонат маҳсулотларини таклиф қилмоқда. Тадқиқот ўтказилган вақтда UZUM BANK, Octobank ва SMART BANK ўз омонатлар туркумига эга бўлмаган. Бозорда омонатчиларнинг асосий қисми йирик давлат банкларида тўпланган. Хусусан, таҳлилларга кўра, омонатчилар сони бўйича давлат банкларидан Ўзмиллийбанк (1,58 млн. омонат ҳисобварағи), Халқ банки ( 1,23 млн. омонат ҳисобварағи), хусусий банклардан эса Kapitalbank (953 минг омонат ҳисобварағи), ANORBANK (845 минг омонат ҳисобварағи) сектор етакчилари сифатида қайд этилган.

Фото: Марказий банк

Иқтисодчи Отабек Бакиров Омонатлар ҳажми бўйича кучли учлик - Капиталбанк (25,1 трлн.сўм), Миллий банк (14,3 трлн.сўм) ва Агробанкдан (12,1 трлн.сўм) иборат эканлиги, бироқ бу ҳақда шарҳда гап бормаганига эътибор қаратган.

Банкларда мавжуд омонатлар сони бўйича хусусий банклар ажралиб турибди. Масалан Азия Альянс банкда 12 хил омонат тури мавжуд, Hamkorbank ва Трастбанкда эса 11 хил. Кейинги ўринларни кетма-кет давлат банклари эгаллаган: Ўзсаноатқурилишбанк ва Алоқабанк (10 хилдан), Туронбанк ва Асакабанк (9 хилдан), Микрокредитбанк ва Халқ банки (8 хилдан) ҳамда Ўзмиллийбанк ва Агробанк (7 хилдан) бир нечта омонат турларига эга.

Фото: Марказий банк

Ёшлар ва гендер кесимидаги динамика

Омонатчиларнинг ёш тузилиши аҳолининг молиявий фаоллиги ҳақида тасаввур беради. Хусусан, омонат ҳисобварақлари бўйича 16–30 ёшдагилар — 13,3 млн. ҳисобварақ билан энг фаол тоифа сифатида қайд этилган. Кейинги ўринларда 31–40 ёшдагилар — 12,84 млн. ҳисобварақ билан, 41–50 ёшдагилар — 7,42 млн. ҳисобварақ билан ва 60 ёшдан катталар — 6,32 млн. ҳисобварақ билан эгаллаган.

Фото: Марказий банк

Гендер кесимида эса омонат ҳисобварақлари деярли тенг тақсимланган, бироқ омонат миқдори фарқ қилади: эркаклар улушига 22,32 млн. омонат ва 79,17 трлн. сўм, аёллар улушига 22,2 млн. омонат ва 60,26 трлн. сўм тўғри келмоқда. Бу - эркакларда аёлларга қараганда кўпроқ миқдорда омонат борлигини билдирад.

Фото: Марказий банк

Валюта кесими ва аҳолининг валютага бўлган қизиқиши

Омонатларнинг асосий қисми миллий валютада шаклланмоқда — 6,84 млн. омонат сўмда сақланмоқда. Шу билан бирга, АҚШ долларида — 1,84 млн. омонат, Еврода — 67,6 минг омонат ҳисобварақлари мавжуд.

Фото: Марказий банк

Бу рақамлар аҳолининг долларга бўлган барқарор қизиқиши сақланаётганини, евро эса ҳали омонат бозорида чекланган ўринни эгаллаётганини кўрсатади.

Омонатларни очиш усуллари ва рақамлаштириш

Бозордаги 186 та маҳсулотнинг 84 таси ҳали ҳам анъанавий офлайн форматда тақдим этилмоқда. Бироқ, 33 та омонат — тўлиқ онлайн, 69 та омонат — гибрид форматда (ҳам онлайн, ҳам офлайн) расмийлаштириш мумкин.

Бу рақамлар рақамлаштириш жараёнлари суръат билан кетмаётганини, бироқ анъанавий каналлар ҳамон муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Фоиз ставкалари таҳлили

Миллий валютадаги омонатларда фоиз ставкалари асосан 21% атрофида шаклланган. Энг юқори ставка — 23% — Apex Bank ва Poytaxt Bank томонидан таклиф қилинмоқда.

Хорижий валютада асосий диапазон — 1–5%, максимал 8% — Anorbank, Garant Bank ва InFinBankда қайд этилган.

Мослашувчанлик ва минимал сумма

Фоизларни капитализация қилиш имконияти ҳали ҳам чекланган: фақат 6 та банкда 8 та маҳсулотда мавжуд. Маблағни қисман ечиб олиш ёки тўлдириш имконияти кўплаб банкларда жорий этилган, бу эса омонатчилар учун ликвидлик даражасини оширмоқда.

Минимал талаблар бўйича:

  • 8 та банкда — минимал сумма талаб қилинмайди;
  • 9 та банкда — чегара 100 минг сўмдан ошмайди;
  • Хорижий валютада — айрим банкларда 0 USD/EUR минимал чегараси мавжуд.

Бу тенденциялар банк хизматларининг оммавийлиги ва аҳоли молиявий саводхонлигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.

Теглар:

#таҳлил

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган