Ўзбекистон Марказий банки 18 сентябрь учун хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги курсларини эълон қилди. Унда долларнинг курси кетма-кет тўртинчи марта пасайиб, 12 254,27 сўмни (-30,89) ташкил этди.
Охирги марта бу каби курс 2023 йилнинг 6 ноябрь санасида қайд этилган эди. Ўшанда 1 АҚШ доллари сўмга нисбатан 12 254 сўмга тенг бўлган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон миллий валютаси 2025 йил бошидан буён долларга нисбатан 650 сўм 64 тийинга ёки 5,3 фоизга мустаҳкамланди.
11 сентябрь куни Марказий банк раҳбарияти ва журналистлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида МБ раиси Тимур Ишметов сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланаётгани ҳақида гапирди.
“Миллий валюта курси ички валюта бозорида жорий талаб ва таклиф асосида шаклланади. Марказий банк алмашув курси бўйича бир мақсадли кўрсаткич белгиламайди ва алмашув курси шаклланишига аралашмайди”, деди МБ раиси.
Марказий банк раҳбари сўм жорий йил бошидан бери 3-4 фоиз атрофида мустаҳкамланганини таъкидлади.
“Ушбу тенденция бир қатор омиллар натижасида юз бермоқда. Хусусан, жорий йилда иқтисодиётда хорижий валюта таклифи сезиларли даражада юқори шаклланмоқда. Январь–июль ойларида олтинсиз экспорт 20 фоизга ошди ва жами экспортимиз 21,4 миллиард долларни ташкил этиб, 37 фоизга ўсди”, деди у.
Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, узоқ йиллар доимий равишда инфляция ва валюта курси қадрсизлангани сабаб одамлар кутилмалари ҳам шунга мослашиб қолган.
“Охирги даврларда алмашув курси бўйича сиёсатимизни бироз ўзгартирдик, курс тебранувчанлигини ошириб боряпмиз. Бу биринчи қадам. Узоқ йиллар давомида валюта курсига қараган бўлсангиз, тебраниш даражаси паст бўлган. Кейин ҳукуматда, бозор иштирокчиларида, биринчи навбатда банклар ва бизнесда маълум кутилмалар шаклланиб қолган. Курс тебранувчанлигини ошириш алмашув курси кутилмаларининг тўғрироқ шаклланишига йўл очади”, деди регулятор раҳбари.
Шунингдек, эртадан евро нархи 1,49 сўмга ошиб, 14 516,41 сўмга етди. Бошқа хорижий валюталар бўйича ҳам белгиланган курслар маълум қилинди:
- фунт стерлинг — 16 724,63 сўм (-36,01);
- рубль — 147,89 сўм (-0,73);
- хитой юани — 1 724,93 сўм (-1,94);
- япон иенаси — 83,75 сўм (+0,16);
- қозоқ тенгеси — 22,66 сўм (-0,08).