S&P Global Ratings Ўзсаноатқурилишбанкнинг кредит рейтинги истиқболини оширди

Sanoatqurilishbank

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк матбуот хизмати

Standard & Poor’s Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБнинг “BB-” рейтинг даражасини тасдиқлаб, кредит рейтинги истиқболини “салбий”дан “барқарор”га оширди. 

Банк ахборот хизмати хабарига кўра, барқарор прогноз банкнинг захираларни шакллантиришда қўшимча муҳим эҳтиёжлар ёки кредитлашнинг ҳаддан зиёд ортиб кетиши билан боғлиқ ҳолда таваккалчиликлар пасайишига кўра капиталлашувнинг адекват кўрсаткичларини сақлаб қолишига асосланади.

S&P Global Ratings томонидан қайд этилишича, 2024 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган хусусийлаштириш жараёнларига тайёргарликка қарамасдан, келгуси икки йилда банк ўзининг мустаҳкам бизнес-позицияси ҳамда давлат билан яқин алоқаларини сақлаб қолади.

Пандемия билан боғлиқ иқтисодий таҳдидлар шароитида Ўзсаноатқурилишбанк кредит рейтинги прогнозининг кўтарилиши молия муассасаси бизнесининг самарали ривожланаётгани, банк активларининг барқарор ўсиб бораётгани ва юқори сифатлилиги, шу билан бирга фаолиятидаги самарали операцион кўрсаткичларидан далолат беради. 

“Ўзсаноатқурилишбанк рейтинглари бўйича “барқарор” прогноз Ўзбекистонда капиталнинг адекват захиралари, активлар сифатининг яхшиланиши ва мустаҳкам бизнес-позиция банк кредитлаш кўрсаткичларини яқин 12 ой ичида сақлаб қолишини таъминлайди”, – дея хулоса қилади, Standard & Poor’s.

Ўзсаноатқурилишбанк Ўзбекистон Республикасининг энг йирик ва тизимли молия муассасаларидан биридир. Банк активлар ва капиталлар ҳажми, депозит база ва даромад каби асосий молиявий кўрсаткичлар бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

×