Сўнгги вақтларда маҳаллаларда жорий қилинган "ҳоким ёрдамчиси" лавозимига банк ва бошқа иқтисодий соҳа ходимларининг "ихтиёрий-мажбурий" тамойили асосида ўтказилаётганлиги борасида кўплаб муҳокамалар бўлмоқда. Айрим жойларда "масъул раҳбарлар" ушбу лавозимга номзодларни турли босимлар остида ишга ўтказишга ҳаракат қилаётганлиги ҳам айтилмоқда.
Хусусан, жорий йил 4 ноябрь куни Kun.uz журналисти Шуҳрат Шокиржоновнинг телеграм каналида "Самарқандда жуда қизиқ ишлар бўлаяпти" сарлавҳали пост эълон қилинди. Постда давлат ва хусусий банк, молия соҳаси ва бошқа жойларда ишлаётган иқтисодчиларни мажбурий равишда маҳаллаларга ҳоким ёрдамчиси қилиб ўтказиш ҳолатлари борасида муаллифга шикоятлар бўлаётганлиги айтилган.
"У ходимлар ўз ташкилотида 10-15 миллион сўмгача маош олишиям уларни қизиқтирмайди. 5 миллион маошга ишлашга мажбурланяпти экан. Эътироз билдирганларга сеҳрли сўз айтилмоқда: "Сен президент сиёсатига қаршимисан?" Аслида, уларнинг ўзлари президент сиёсатига душман, хоин ва мараз эканлигини билишмаяпти." дейилган Ш.Шокиржонов постида.
Постда шунингдек, бир банк ходимининг мурожаати мисол қилиб келтирилган:
Скриншот: Телеграм канал "Jurnalist Shokirjonov"
Шунингдек журналист жойларда ҳозир камида 30–40 фоиз маҳаллалар ўзининг шахсий биноси бўлмаган ҳолда, бири мактабда, яна бири кимнингдир уйида "сиғинди" бўлиб фаолият кўрсатаётганлигини таъкидлаб, масъулларни "аввал шу муаммони ҳал қилишса яхши бўлишини, тайинланадиган "ҳоким ёрдамчилари" 5 миллион сўм маошга семичка-қурт сотадиган холанинг ёнида ўтириб ишламаслиги кераклигини айтган.
Ушбу постдан сўнг, Самарқанд вилоят ҳокими матбуот котиби М.Мирзаев журналист билан алоқага чиқиб, бу борада ҳеч қандай мажбурлаш йўқлиги, ишлайман деган номзодлар ўзлари ариза топширишлари кераклигини айтган. Хусусан, танлов шартлари ҳокимнинг расмий телеграм каналида ҳам эълон қилинганлиги, лекин пастдаги айрим раҳбарлар топшириқни нотўғри тушуниб, нотўғри ижро қилаётган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этмаган.
Пост якунида журналист, хусусий банкларда ишлаётганлар рўйхатдан чиқариши тўғрисида "юқоридан топшириқ бўлганлигини", бироқ айрим жойларда ушбу рўйхатга "тушмаслик" учун банк ходимлари қўлидан келган барча "ҳаракатлар"ни қилаётганлиги таъкидлаган.
Бўлиб ўтаётган воқеаларни Bankers.uz'га Самарқанддаги обуначилар ҳам тасдиқлаган. Мана улардан бири ёзган хабарнинг скриншоти:
Скриншот: Телеграм орқали обуначининг мурожаати
Бу воқеалар чиндан ҳам бўлаётганини ушбу изоҳдан ҳам кўриш мумкин:
Скриншот: Телеграм орқали обуначининг изоҳи
Воқеалар фақат Самарқанд вилоятида эмаслиги, масалан Бухоро ва Жиззах вилоятларида ҳам шундай ишлар бўлаётганлиги Ш.Шокиржоновнинг постидаги мана бу изоҳлардан ҳам кўриш мумкин:
Скриншот: Телеграм орқали обуначининг изоҳи
9 ноябрь куни эрталаб, журналист Шокиржонов томонидан ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчилигига иқтисодчи-молиячиларни мажбурий мобилизация қилиш ҳамма жойда рўй бераётганлиги ҳақида пост ва обуначилар томонидан ёзилган бир қанча скриншотлар эълон қилинди.
Фото: Ш.Шокиржонов телеграм канали
Журналист телеграм канали обуначиларига "яна қаерларда сизнинг инон-ихтиёрингизга қарши, ишлаб турган касбингиздан воз кечиб, маҳаллага ўтиб ишлашга мажбурлашаяпти?, канал ботига ёзинг, дея ўз обуначиларига мурожаат қилган.
Шунингдек, 9 ноябрь куни куннинг биринчи ярмида Bankers.uz телеграм канали орқали "Сиз яшайдиган (ёки ишлайдиган) жойда "ҳоким ёрдамчиси" лавозимига банк ва бошқа иқтисодий соҳа ходимларини "ихтиёрий-мажбурий" тамойили остида ишга ўтказиш ҳолатлари кузатилдими?" мазмунида аноним сўровнома жойлаштирилди. Кун якунида (18:30 ҳолатига) ушбу сўровномада қатнашган 2400 дан зиёд респондентларнинг қарийб 60 фоизи "Ҳа, шундай ҳолатлар кузатилди (кузатилмоқда)" деб жавоб берган.
Скриншот: Bankers.uz телеграм канали
Мазкур постдан кейин таҳририятга Тошкент вилояти, Бухоро ва Қашқадарё вилоятидан ҳам мурожаатлар бўлиб, уларда шу каби ҳолатлар бўлаётганлиги ва мазкур ҳолатлар банк-молия тизими ходимларининг ишчанлик кайфиятига салбий таъсир этаётганлигини таъкидлашди.
Эслатиб ўтамиз, жойлардаги маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимини жорий қилиш бевосита мамлакат Президенти Ш.Мирзиёев томонидан билдирилган ташаббус бўлиб, ушбу лавозимга олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, маҳалланинг шарт-шароитини яхши биладиган, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга ходимлар танлов асосида қабул қилиниши белгиланган. Давлат раҳбари "ҳоким ёрдамчилари янги тизим бўйича ишлашга ўқитилиши ва ишининг натижасига қараб яхши ойлик тўланиши, 2-3 йил маҳаллада ишлаб, яхши натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини, келгусида ҳоким ва вазир лавозимларига қўйилиши" ҳақида алоҳида таъкидлаган.
Тасодифий хабарлар
"Ипак Йўли" банки Халқаро молия корпорацияси томонидан тақдирланди
Ўзмиллийбанк бошқарув раисига иккита ўринбосар тайинланди
Оҳангарон туманида фермер хўжалиги ва банк мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди