2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистоннинг яна икки йирик тўлов платформалари қанча ишлаб топгани маълум бўлди. Хусусан, ушбу даврда "Payme" АЖ 166,3 млрд сўм "Click" АЖ эса 154,6 млрд сўм соф фойда олган. Бу ҳақда компаниялар тегишли тартибда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берди.
“Payme” АЖнинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,5 млрд сўмга ёки 47,4 фоизга ошди. Компания даромади 254,1 млрд сўм (+47,4 фоиз) ни ташкил қилди. Харажатлар ҳам ўз навбатида 63 фоизга ошиб, 103 млрд сўмга етди.
Харажатларнинг катта қисми маъмурий харажатлар (49,5 млрд сўм) ва реализация харажатлари (34 млрд сўм) дан иборат бўлди. Компания активлари сезиларли даражада ўсиб (+42,3 фоиз), 567 млрд сўмни ташкил қилди. Устав капитали икки бараварга ошиб, 20 млрд сўмга етди.
"Click" АЖнинг соф фойдаси эса ўтган йил мос даврига нисбатан 32,4 фоизга ошиб, 154,7 млрд сўмни ташкил қилди.
Ярим йилликда компания соф тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 80,8 млрд сўмга ошиб (+29,63 фоиз), 353,4 млрд сўмни ташкил қилган.
Шунингдек,компания харажатлари 180,6 млрд сўмга тенг бўлди ва бунинг 104,1 млрд сўмини реализация харажатлари, 37,7 млрд сўмини маъмурий харажатлар ташкил қилди.
Тегишли даврда компания активлари сезиларли 20,1 млрд сўмга камайиб 336,8 млрд ни ташкил этган бўлса, мажбуриятлари ҳам 150,8 млрд сўмга камайиб 165,3 млрд сўмга тенг бўлди. Устав капитали эса 10 млрд сўмга ортиб 20 млрд сўмга етган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Қозоғистоннинг энг йирик банки Halyk Bank Click'нинг 49 фоиз акцияларини, Click эса ўз навбатида "Tenge Bank"нинг 49 фоиз акцияларини сотиб олганлиги ҳақида хабар берган эдик.