Банкларда кредит портфели ва муаммоли кредитлар ҳажми қандай ўзгарди — таҳлил

28.07.2025 16:31

214

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон банкларининг жами кредит портфели йил бошига нисбатан қарийб 8 фоизга ўсиб, 575 трлн сўмга етди. Портфель таркибидаги муаммоли кредитлар ҳажми йил бошига нисбатан 685 млрд сўмга кўпайди, уларнинг улуши эса йил бошидаги 4 фоиздан йил ярмига келиб 3,8 фоизга тушди.

Фото: Depositfiles

Марказий банк томонидан тижорат банкларининг 2025 йил биринчи ярим йиллиги бўйича кредит портфели ва муаммоли кредитларга оид маълумоти эълон қилинди.

Кредит портфели ўсишда давом этмоқда

Жами банклар кредит портфели 2025 йил бошида 533,1 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, йил ярмига келиб бу кўрсаткич 575,2 трлн сўмга етди. Бу 42,1 трлн сўм ёки 7,9 фоизлик ўсишни англатади.

Кредит портфели ҳажми ҳамда ўсиш суръати давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, давлат банкларида кредит портфели ўтган олти ой ичида 27,4 трлн сўмга кўпайиб, 394,2 трлн сўмга етди.

Бошқа банкларда портфелнинг ўсиши 14,6 трлн сўмни ташкил қилди ва жами кредит портфели ҳажми 181 трлн сўмга етди.

Кредит ҳажмининг нисбатан жадал ўсиши давлат банкларидан Агробанк (+14,5 трлн сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (+3,4 трлн сўм), Алоқабанк (+2,8 трлн сўм), Микрокредитбанк (+2,3 трлн сўм) Бизнесни ривожлантириш банки (+2,5 трлн сўм)да кузатилди. Умуман олганда давлат банкларининг барчасида кредит портфели ўсиши юз берган.

Бошқа банклар ичида кредит портфели ўсиши нисбатан сезиларли равишда Капиталбанк (+3,4 трлн сўм), TBC (+3,0 трлн сўм), Ҳамкорбанк (+1,7 трлн сўм), Hayot Bank (+1,7 трлн сўм), ANORBANK (1,6 трлн сўм)ларда кузатилди.

Муаммоли кредитлар ҳажми кўпайди, улуши эса камайди

Банклардаги жами муаммоли кредитлар миқдори 21,2 трлн сўмдан 21,9 трлн сўмга кўпайди (+685 млрд сўм). Шунга қарамай, мазкур давр оралиғида муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши 4 фоиздан 3,8 фоизга камайди.

Давлат банклари NPL миқдори энг кўп банклар бўлиб қолмоқда. Мазкур банкларда 2025 йилнинг I ярмида муаммоли кредитлар ҳажми яна 545 млрд сўмга ошган. Хусусан NPL ҳажми ўтган 6 ойда Ўзсаноатқурилишбанкда 705 млрд сўмга, Микрокредитбанкда 379 млрд сўм ҳамда Алоқабанкда 139 млрд сўмга ошгани қайд этилди.

Шунингдек, Бизнесни ривожлантириш банкида 484 млрд сўм (-2,4 фоиз), Агробанкда 106 млрд сўм (-1,1 фоиз), Ўзмиллийбанкда 102 млрд сўм (-0,1 фоиз) ва Халқ банкида 66 млрд сўмга (-0,3 фоиз) NPL ҳажми ва улуши камайди.

Бошқа банкларда эса муаммоли кредитлар улуши 0,3 фоизга қисқарди, бироқ ҳажми 140 млрд сўмга ошди. Ипотека банк 1,3 трлн сўмга, Asia Alliance Bank 55 млрд сўмга, Мадад Инвест банк 51 млрд сўмга муаммоли кредитлар ҳажмини қисқартиришга эришди.

Капиталбанкда олти ой ичида NPL миқдори 490 млрд сўмга кўпайди. Бундан ташқари, TBC Bank (+267 млрд сўм), Orient Finance Bank (+224 млрд сўм), ANORBANK (+148 млрд сўм), Davr Bank (+120 млрд сўм) да NPL ўсиши кузатилди.

Айрим банларда муаммоли кредитлар улуши нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Хусусан, мазкур кўрсаткич Гарант банкда – 16,7%, AVO Bank'да – 11,1%, Ипотека банкда 6,6 %ни ташкил қилган.

Теглар:

#NPL#кредит_портфели

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган