Ўзбекистонда яна бир тўлов тизими оператори – “PAYFINTECH” АЖ рўйхатдан ўтгани маълум бўлди. Бу ҳақда Марказий банк расмий сайтининг тўлов тизими операторлари реестрида маълумот келтирилган.
Янги тўлов тизими операторига тегишли фаолият юритиши учун лицензия Марказий банк томонидан 2024 йилнинг 8 июнь санасида расмийлаштириб берилган. Операторнинг юридик манзили сифатида Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 23-уй кўрсатилган.
"Orginfo" порталида келтирилишича, “PAYFINTECH” АЖга Мўминов Баҳодир Кучкарович раҳбарлик қилади. Компания устав капитали 50 млрд сўмни ташкил қилади. Шунингдек, "Linkedin" да Муҳаммаджон Имамжанов компания тижорий директори сифатида кўрсатилган. Ташкилот акциядорлари ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Bankers.uz нашри Марказий банк билан боғланиб, учинчи тўлов оператори регистрация қилингани билан боғлиқ хабар нега жамоатчиликка эълон қилинмаганини сўради. Марказий банк вакили ушбу ҳолат техник сабаблар билан боғлиқ эканини билдирди.
Компания аллақачон ўз фаолиятини бошлаган. Корпоратив ахборот ягона порталига кўра, ташкилот 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 364,2 млн сўм соф фойда олган.
Компания расмий сайтида маълумот берилишича, “PAYFINTECH” МЧЖ молиявий хизматлар соҳасида рақамли ечимлар ишлаб чиқиш ва жорий этишга ихтисослашган (сайт ҳозирда ишчи ҳолатида эмас).
Маълумот ўрнида, “PAYFINTECH” МЧЖдан ташқари Ўзбекистонда яна иккита тўлов тизими оператори: UZCARD ва HUMO рўйхатдан ўтган.
Бундан 4 йил аввал UNITED FINTECH бренди остида фаолият юритувчи "Qulay Pul" МЧЖ ҳам 2021 йилда Марказий банк лицензиясини олган учинчи тўлов оператори сифатида иш бошлаган эди. Бироқ 2024 йилда компания лицензия олган вақт — 2021 йил ноябрь ойидан буён ишга тушмагани сабабли Марказий банк томонидан тўлов тизими оператори сифатидаги фаолияти олти ой муддатга чекланди. Ҳозирда мазкур ташкилот номи тўлов тизими операторлари реестрида мавжуд эмас.
