Жорий йилнинг 17 июль куни Лондонда “Euromoney Awards for Excellence 2025” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзсаноатқурилишбанк бир пайтнинг ўзида учта – “Ўзбекистондаги энг яхши банк”, “Ўзбекистондаги энг яхши корпоратив банк” ҳамда “Қарз капитал бозори (DCM) даги Ўзбекистоннинг энг яхши банки” каби нуфузли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.
Сўнгги йилларда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан кенг кўламли трансформация ишлари амалга оширилди. Анъанавий хизматлар билан бир қаторда маҳаллий ва халқаро капитал бозорлари учун замонавий банк хизматлари ҳамда молиявий инструментлар жорий қилинмоқда. Банк молиявий барқарорлик ва фаолият самарадорлиги бўйича республика тижорат банклари орасида ўз етакчилик позициясини сақлаб қолмоқда.
Жорий йилнинг I ярим йиллиги якунларига кўра Банк активлари 97,2 трлн сўмни, капитали 10,8 трлн сўмни, соф фойдаси эса 808,6 млрд сўмни ташкил этди. Шу билан бирга ўтган йил давомида банк тизимида корпоратив мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида Корпоратив маркази ташкил қилиниб, ҳар бир мижоз билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Банк стратегиясида йирик корпоратив мижозларни қўллаб-қувватлаш ва уларни халқаро капитал бозорларига олиб чиқиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бундан ташқари, 2024 йилда Банк томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий банклардан умумий ҳажми 1,7 млрд АҚШ долларлик ресурс маблағлари жалб қилинди.
Банкнинг муҳим ютуқларидан яна бири – 2024 йилнинг июль ойида Ўзбекистон банк соҳасида биринчи бўлиб Лондон фонд биржасида хорижий ва миллий валютада Regulation S ва Rule 144 А стандартларига мувофиқ банкнинг навбатдаги еврооблигатсиялари жойлаштирилганлиги ҳисобланади. Бу Ўзсаноатқурилишбанкка халқаро капитал бозорида кенг кўламли йирик инвесторлар билан ишлаш ва тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаш имконини берди.
“Euromoney” экспертлари ушбу мукофотлар орқали Ўзсаноатқурилишбанкнинг корпоратив ва инвестицион йўналишлардаги самарали фаолияти ҳамда халқаро стандартларга асосланган замонавий иш услубини юксак баҳолади.
Маълумот учун: “Euromoney” – молия ва инвестиция соҳаларига ихтисослашган нуфузли халқаро нашр бўлиб, унинг мукофотлари банклар фаолиятини холис ва чуқур таҳлиллар асосида баҳолайди. Ўзсаноатқурилишбанкнинг ушбу мукофотларга сазовор бўлиши унинг инновацион ечимларга асосланган фаолияти ҳамда маҳаллий ва халқаро молия бозорларидаги мавқеини яна бир бор тасдиқлади.
Ҳамкорлик асосида