Ipoteka Bank OTP Group 2025 йил 17 июль куни Лондонда бўлиб ўтган Euromoney Awards for Excellence 2025 тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистондаги энг яхши истеъмол банки ҳамда Ўзбекистон ESG соҳасидаги энг яхши банк мукофотларини қўлга киритди.
Ушбу мукофотлар Ipoteka Bank OTP Group’нинг Ўзбекистон молия секторида инновациялар, мижозларга йўналтирилган хизмат ва барқарор ривожланишга доимий интилишини эътироф этади.
Ўтган йил давомида Ipoteka Bank ОТP Group мижозлар тажрибасини янгилашда сезиларли ютуқларга эришди. Банк турли мижоз тоифаларига мос инновацион маҳсулотларни ишга туширди, мобил иловадаги фойдаланувчи йўлини яхшилади ва филиаллардаги хизматларни қайта кўриб чиқиб, банк хизматларини янада интуитив ва қулай қилди. Бу – мижозлар кутганидан ортиқ хизмат кўрсатишга ва сифатни узлуксиз оширишга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг бир қисмидир.
“Ipoteka Bank OTP Group саъй-ҳаракатларининг халқаро миқёсда эътироф этилгани бизни қувонтиради. Бу мукофотлар Ўзбекистонда замонавий, барча учун очиқ ва барқарор молиявий экотизим яратиш йўлидаги садоқатимизни акс эттиради. Бизнинг энг муҳим устуворлигимиз — мижозларга ғамхўрлик қилиш ва уларнинг эҳтиёжларига мос, жамиятимизнинг узоқ муддатли фаровонлигига ҳисса қўшувчи ечимлар яратишдир,” деди Сандро Ртвеладзе, Ipoteka Bank OTP Group бош директори.
ESG соҳасида банк экологик жиҳатдан масъулиятли лойиҳалар ва бизнесларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “яшил кредит” дастурлари орқали муҳим натижаларга эришди. Бундан ташқари, Ipoteka Bank OTP Group ўзининг карбон изини камайтиришга қаратилган ташаббусларни амалга оширмоқда ҳамда Ўзбекистонда барқарор банк амалиётини илгари суриш бўйича етакчилик қилмоқда. Жаҳон молия майдонида ESG тамойилларининг ортиб бораётган аҳамиятини инобатга олган ҳолда, банк барқарор ёндашувни барча йўналишларда ривожлантириб бормоқда.
Умуман олганда, OTP Group жами 16 та номинацияда эътироф этилди. Жумладан, OTP Group Марказий ва Шарқий Европадаги энг яхши истеъмол банки деб топилди. Бу мукофотлар гуруҳнинг нафақат кучли молиявий кўрсаткичларини, балки инновациялар, рақамли трансформация, барқарор ривожланиш ва сифатли мижоз тажрибасига содиқлигини ҳам тасдиқлайди.
“11 та давлатда 17 млн мижозга хизмат кўрсатаётган OTP Group сунъий интеллект асосида яратилган, мижозга йўналтирилган инновацион ечимларни жорий этмоқда. Минтақавий тажрибамиз трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради. Илғор рақамли хавфсизлик воситалари эса шахсийлаштирилган ва ишончли тажрибани таъминлайди. Ҳар бир бозор эҳтиёжларига мос келадиган технологиялар орқали биз банк соҳасининг келажагини шакллантирмоқдамиз,” деди Петер Чаньи, OTP Банк бош директори.
Ушбу эътироф Ipoteka Bank OTP Group’нинг Ўзбекистон банк секторини модернизация қилишдаги етакчи ролини ва халқаро стандартларга интилишини яна бир бор тасдиқлайди.
Ҳамкорлик асосида