2025 йилнинг I ярим йиллигида банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмасининг умумий ҳажми 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга (2,8 млрд долларга) кўпайиб, 14,5 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Мазкур даврда банклар томонидан жисмоний шахслардан 9,1 млрд доллар миқдоридаги ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга кўп чет эл валютаси харид қилинган. Банклар томонидан жисмоний шахсларга сотилган чет эл валютаси ҳажми 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ўсиб, 5,4 млрд долларга етди.
Банклар томонидан жисмоний шахслардан сотиб олинган чет эл валютаси ҳажми уларга сотилган валюта ҳажмига нисбатан 3,7 млрд долларга кўп бўлди. Бу ўз навбатида, ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Валюта олди-сотди операцияларининг 58 фоизи ёки 8,4 млрд доллари валюта айирбошлаш шохобчалари (+16 фоиз), 41 фоизи ёки 5,9 млрд доллари масофавий хизмат кўрсатиш (+36 фоиз) ва қолган 252 млн доллари 24/7 режимда фаолият кўрсатувчи банкоматлар орқали (+32 фоиз) амалга оширилган.