Ярим йилда Ўзбекистонга хориждан 8,2 млрд доллар пул ўтказмалари юборилди

18.07.2025 11:06

125

2025 йилнинг ўтган 6 ойида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми ўтган йил мос даврига нисбатан 27 фоизга ортиб, 8,2 млрд долларни ташкил қилди. Ўтказмаларнинг 78 фоизи Россиядан келган, бироқ Европа мамлакатларидан ўтказмалар суръати жадал ўсмоқда.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида чет элдан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга (1,8 млрд долл) кўпайиб, 8,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (6,4 млрд долл) келиб тушган бўлиб, қолган қисми Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ҳамда бошқа мамлакатлар ҳиссаcига тўғри келади.

2025 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг ўсишига меҳнат муҳожирлари ишлайдиган анъанавий мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши билан бир қаторда, миллий валюта курсларининг мустаҳкамланиши таъсир қилди.

Манба: Марказий банк

Ташқи меҳнат миграцияси географиясида диверсификация жараёнлари давом этиб, бу ривожланган мамлакатлардан Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмлари ўсишида намоён бўлди.

Хусусан, трансферлар ҳажми Буюк Британиядан 2 баробар, Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга (Ирландия 2,8 баробар, Литва 79 фоиз, Нидерландия 44 фоиз, Польша 20 фоиз) ҳамда АҚШдан 15 фоизга ошди.

Манба: Марказий банк

Ушбу даврда жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 4,3 млрд доллари (53 фоизи) анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2024 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 22 фоиз), 3,6 млрд доллари (44 фоизи) хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри – P2P ўтказмалар орқали (ўсиш 40 фоиз) ҳамда 251 млн доллари (3 фоизи) банк ўтказмаси – SWIFT орқали (камайиш 22 фоиз) амалга оширилган.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми ўтган йил даражасида сақланиб қолиб, 1,2 млрд долларни ташкил қилди.

Теглар:

#пул ўтказмалари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган