2025 йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Туркияда жойлашган Citibank AS ваколатхонасини расман аккредитациядан ўтказди. Ваколатхона 3 йил (2028 йил 9 июлга қадар) амал қилувчи муддат билан рўйхатдан ўтди. Мазкур ваколатхона бошлиғи этиб Аббос Жўрабоев тайинланган. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Ваколатхона мамлакат молия бозорини ўрганиш, давлат органлари ва молия ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган, дейилади хабарда.
CitiBank AS — дунёдаги энг йирик молиявий гуруҳлардан бири Citigroup таркибидаги банк бўлиб, ушбу ваколатхона орқали Ўзбекистонда тўғридан-тўғри банк хизматлари кўрсатмайди. Унинг асосий вазифалари — мамлакат молия бозорини таҳлил қилиш, давлат органлари ва молиявий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. CitiBank — 1812 йилда Нью-Йоркда ташкил этилган ва ҳозирда Citigroup гигантининг асосий истеъмол банк таркиби ҳисобланади. Глобал тармоқда 90 дан ортиқ мамлакатда фаол филиаллари, 160+ давлатда мижозларга хизмат кўрсатади ва дунёда 200 миллиондан ортиқ ҳисоби бор. Citibank Туркияда жорий фаол филиал сифатида мавжуд. Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистонда Citibank JSC шаклида фаолият юритмоқда.
Марказий банк реестрига кўра, аккредитация ҳужжати 2028-йилнинг 9 июлигача амал қилади. Ваколатхона раҳбари сифатида Аббос Жўрабаев кўрсатилган. Унинг жойлашув манзили эса келтирилмаган. Айни пайтда, Ўзбекистонда Марказий банк томонидан рўйхатга олинган 8 та хорижий банк ваколатхонаси фаолият юритмоқда. Улар орасида Жанубий Корея, Хитой, Германия, АҚШ ва Россия молиявий институтлари ҳам мавжуд.
Американинг Citigroup корпорациясининг Ўзбекистонда шўъба банк ваколатхонасини очиш режалари 2023 йил сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев ва Citigroup раиси Жон Дуганнинг Нью Йоркда бўлиб ўтган учрашувида маълум бўлганди.
CitiBank AS'нинг ваколатхонаси мамлакатдаги молиявий ислоҳотларнинг халқаро даражадаги қўллаб-қувватланиши, шунингдек, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.