Ички ишлар вазирлиги, Тезкор қидирув депортаменти, Киберхавфсизлик маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан банк карталари билан боғлиқ ўғирлик ҳолатларини содир этган жиноий гуруҳ аниқланди.
Гуруҳ аъзолари Telegram-мессенжерида андроид телефон қурилмалари учун ишлаб чиқилган APK-кенгайтмали вирусли дастурлар орқали телефон қурилмаларидаги смс хабарларни ўқиш, контакт, қўнгироқлар тарихи ва бошқа маълумотларни қўлга киритиб, банк карталаридаги пул маблағларини ўғирлик йўли билан қўлга киритиш билан шуғулланиб келишган.
Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзолари турли давлат фуқаролари эканлиги, улар телеграм мессенжерида яширин гуруҳ очиб, унда фаол ҳаракат қилишганлиги маълум бўлди.
Гуруҳда вирусли дастур ўрнатиб олган фуқароларнинг банк карта маълумотлари, ҳамда боғланган абонент рақамига келган смс тасдиқлаш кодлари мавжудлиги аниқланди. Шу билан бирга ушбу шахсларнинг телефон қурилмалари кўздан кечирилганда 177 нафар банк карталаридан 1 млрд сўмга яқин пул маблағлари ўғирлик йўли билан ўтказма қилинганлиги, ушбу фирбгарлик ва ўғирлик ҳолатлари махсус колл-марказ орқали бошқарилганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур гуруҳнинг Республикадаги бошқа жиноий аъзолари доирасини аниқлаш бўйича тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда. Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар протцессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.