Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари сўнгги олти ой ичида биринчи марта қисқарди

08.07.2025 16:08

280

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари июнь ойида 1,1 млрд долларга камайиб, 48,5 млрд долларни ташкил этди. Бунга қадар захираларимиз январь ойидан бери мунтазам ошиб келаётганди. Захиралар таркибида олтиннинг қиймати рекорд даражага (38,42 млрд доллар) етди.

Марказий банк маълумотларига кўра, июнь ойи якуни бўйича Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми ўтган ойга нисбатан 1,15 млрд долларга (2,25 фоизга) камайиб, 48,5 млрд долларни ташкил қилган. Бу - ўтган йилнинг декабрь ойидан буён биринчи марта содир бўлмоқда (ўтган ойлар давомида олтин-валюта захиралари миқдори мунтазам ошиб келаётганди).

Хусусан, Марказий банк захираларидаги олтиннинг умумий қиймати 763 млн долларга ошиб, 38,41 млрд долларга етди. Мазкур ўсиш олтин захирасининг миқдор жиҳатдан 11,4 млн трой унциядан 11,7 млн трой унциягача ошиши ҳисобига юз берган.

Манба: cbu.uz

Июнь ойида мамлакат валюта захиралари сезиларли даражада — 1,88 млрд долларга қисқариб, унинг ҳажми — 10,74 млрд доллардан 8,85 млрд долларгача камайган. Бошқа мамлакатлар марказий банклари ва ХВЖдаги ҳисоб рақамларидаги валюта захиралари миқдори 460,9 млн долларни ҳамда хорижий банкларда 8,39 млрд долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар ҳажми июнда 2,5 млн долларга — 708,8 млн долларгача ошган, уларнинг олтин-валюта захираларидаги улуши эса 1,46 фоизни ташкил этган.

Теглар:

#олтин-валюта#захира

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган