Бугун оммавий ахборот воситаларида, ANORBANK акциядори Францияда ўғирлаб кетилгани ва уни қўйиб юбориш учун товон пули талаб қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, мазкур хабарлар Франциянинг "Le Monde" нашрида чоп этилган мақолага ҳавола берган.
ANORBANK мазкур хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.
"Ушбу ҳодиса шахсий, корпоратив бўлмаган хусусиятга эга бўлиб, банкнинг операцион фаолиятига алоқадор эмас. ANORBANK ўз ишини одатдаги тартибда давом эттирмоқда — барча бўлимлар, хизматлар ва рақамли каналлар барқарор ишлаяпти, жорий ва стратегик лойиҳалар тасдиқланган режаларга мувофиқ амалга оширилмоқда, дейилади банк муносабатида.
ANORBANK оммавий ахборот воситалари вакилларидан ушбу мавзуни ёритишда ахлоқий меъёрларга риоя қилишни, текширилмаган маълумотларни эълон қилмасликни ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳурмат қилишни сўради. Банк, шунингдек, ортиқча муҳокамалар ёки текширилмаган маълумотларни тарқатиш расмий тергов жараёнига ҳам, жабрланувчининг шахсий ҳаёти дахлсизлигига ҳурмат кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини эслатди.
ANORBANK барқарорлик, профессионаллик ва масъулиятни сақлаган ҳолда ҳар бир мижоз учун ишончли молиявий ҳамкор бўлиш вазифасига содиқ қолишда давом этади.
Банк мазкур тарқалаётган маълумотларга тушуниш ва ҳамдардлик билан ёндашган барча мижозлар, ҳамкорлар ва ҳамкасбларга чуқур миннатдорчилик билдирган.
Ахборотга нисбатан сезгир вазиятда банк сизнинг ҳамдардлигингиз, содиқлигингиз ва барқарор ҳамда ишончли ташкилот сифатида банкка бўлган ишончингизни алоҳида қадрламоқда. Бизга кўплаб илиқ сўзлар ва қўллаб-қувватловлар йўлланмоқда, бу эса ўзаро ҳурмат даражасининг юқорилигини тасдиқлайди ва очиқлик ҳамда масъулият тамойилларига содиқлигимизни янада мустаҳкамлайди.