Тошкент шаҳрида савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари, 1979 йил туғилган, муқаддам судланган аёл Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали акциядорлик тижорат банклардан биридан 3 млн АҚШ доллари миқдорида мақсадсиз кредит олиб беришни ваъда қилади ва эвазига кредитнинг 33 фоизини, яъни 990 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Фото: "ХAVFSIZLIK" Телеграм канали
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўйича Прокуратура Департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс олдиндан 150 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тезкор тадбир давомида, фуқарога гўёки ўзини банк ходими сифатида таништириб, унга кредит маблағини ажратиб беришни ваъда қилган мазкур ноқонуний келишувнинг бош ташкилотчиси – Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 й.т. шахс ҳам процессуал тартибда ушлангани хабар берилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.