Марказий банк нафақа пулларини кредитга ечиб олаётган ташкилотларни огоҳлантирди

01.07.2025 12:57

142

Марказий банк аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ажратилаётган ижтимоий нафақа ва ёрдам пулларининг кредит ташкилотлари томонидан қарзларни ундиришга ечиб олинишини адолатсизлик деб атади. Регулятор кредит ташкилотларини бундай амалиётларни тўхтатишга чақирди.

Фото: Газета.уз

Марказий банкка келаётган мурожаатларда, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига давлат томонидан ажратилаётган нафақа ва моддий ёрдам маблағлари фуқароларнинг банк карталарига тушгандан сўнг, кредит ташкилотлари томонидан кредит бўйича қарздорликларни сўндириш учун автоматик тарзда ечиб олиниши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу сабабли регулятор томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек молиявий хизматлар бозорида адолатлиликни таъминлаш мақсадида кредит ташкилотлари фаолиятида кузатилаётган инсофсиз амалиётлар бўйича яна бир мисол кредит ташкилотларига юборилди.

Марказий банк фуқароларга давлат томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларни кредит бўйича қарздорликни сўндириш мақсадида эгаларининг розилигисиз уларнинг банк карталаридан ечиб олинишини адолат тамойилларига зид эканлигини қайд этади ва уни инсофсиз амалиёт сифатида баҳолайди.

МБ кредит ташкилотларини истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларда адолатли бўлишга ва бундай инсофсиз амалиётларни тўхтатишга чақирди.

Регулятор хабарида қайд этилишича, аҳолининг заиф қатламига тўланадиган ижтимоий нафақалар - кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, ногиронлиги бўлган шахсларга нафақалар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар ва шу каби бошқа моддий ёрдам пуллари - давлат томонидан бериладиган ижтимоий ҳимоя маблағлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига мувофиқ, давлат меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Марказий банк фуқароларга давлат томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларни кредит бўйича қарздорликни сўндириш мақсадида акцептсиз усулда ечиб олинишини адолат тамойилларига зид ва инсофсиз амалиёт сифатида баҳолайди.

Шу муносабат билан, Марказий банк барча кредит ташкилотларидан ички тартиблар ва автоматик ундирув тизимларини қайта кўриб чиқиш орқали ижтимоий тўловларни акцептсиз равишда қарз тўловларига йўналтириш имконини чеклаш; бундай ҳолатлар бўйича фуқаролардан шикоят келиб тушган тақдирда, ундиришни тўхтатиши ва ечиб олинган маблағларни фуқарога қайтариб бериш чораларини кўришини сўради.

Теглар:

#Марказий_банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган