Ўзбекистон Марказий банки ҳамкорлигида Осиё Тараққиёт Банки томонидан Ўзбекистонда молиявий оммабоплик ва молиявий саводхонлик даражасини ўрганиш бўйича комплекс тадқиқот амалга оширилди.
Миқдорий тадқиқот мамлакатнинг 6 та ҳудудида (Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳри) 1200 нафар респондентни қамраб олди. Сифатли тадқиқот 5 та ҳудудда (Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳри) амалга оширилди ҳамда унда 198 нафар иштирокчи, жумладан, аёллар, ёшлар ва қишлоқ жойларда яшовчи фуқаролар иштирок этди.
Унда қатнашган респондентларнинг катта қисми (39 фоиз) ўтган йил давомида умуман жамғарма қилмаганликларини маълум қилишди. Пул жамғариш хулқ-атворида гендер тафовути 4 фоизни ташкил қилди. Аёлларнинг 41 фоизи, эркакларнинг 37 фоизи жамғармага эга бўлмаган.
Инфографика: Марказий банк
Ҳудудлар кесимида, Тошкент шаҳрида сўнгги 12 ойда жамғарма қилмаган респондентлар улуши 25 фоизни ташкил этган. Энг ёмон кўрсаткич Шимоли-Ғарбий ҳудуд (Қорақалпоғистон) га тўғри келади – 54 фоиз.
Таълим бўйича солиштирилганда, олий маълумотли ўзбекистонликларнинг атиги 27 фоизи пул жамғармайди, 8-9-синфларни тугатганлар орасида эса бу кўрсаткич 53 фоизни ташкил этади.
Бандлик нуқтаи назаридан пенсионерлар орасида сўнгги бир йилда жамғармаси бўлмаганлар улуши 46 фоизга етган. Ишчилар ва талабалар орасида эса бу кўрсаткич мос равишда 32 ва 26 фоизни ташкил этади.
Расмий жамғариш даражаси секинроқ ўсиш кузатилган бўлсада, ижобий тенденцияга эга: 2011 йилда 1 фоиздан кам бўлган ҳолатдан 2025 йилга келиб 7,4 фоизгача кўтарилди.