Халқ банки кузатув кенгаши аъзоларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни режалаштирмоқда

Халк банки

Фото: 2GIS

Акциядорлик-тижорат "Халқ банки" Кузатув кенгаши аъзоларининг ўз фаолияти давомида қабул қилган қарорлар натижасида суғурта қилдирувчининг молиявий зарар кўриши ҳолатини суғурта қилдиришни режалаштирмоқда. Мазкур хизмат учун суғурта компаниялари ўртасида энг яхши таклифни танлаб олиш учун тегишли танлов ҳужжатлари электрон порталга жойлаштирилган.

Эълон қилинган танловда хизматлар учун тўланиши режалаштирилган бошланғич нарх ҚҚСсиз 850 миллион сўм деб кўрсатилган. Танлов ҳужжатларида суғурта суммаси 9 800 000,0 АҚШ доллари эквивалентида деб кўрсатилган. Бунда сумманинг сўмдаги миқдори 104 811 000 000,0 сўм - 2021 йил 26 октябр ҳолатига Марказий банк курси (1 АҚШ доллари = 10 695,0 сўм)да эълон қилинган.

Суғурта ҳодисаси сифатида суғурта қилдирувчининг (банкнинг) кузатув кенгаши аъзоси (раҳбари) сифатидаги фаолияти давомида содир этган ҳар қандай ғайриқонуний хатти ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари оқибатида наф олувчи/учинчи шахсларга зарар етказиши юзасидан фуқаролик жавобгарлигини юзага келиши белгиланган.

Танловнинг техник талаблар қисмида суғурта компаниясига ҳам бир қанча талаблар қўйилган. Танлов таклифининг амал қилиш муддати 5 календар куни эканлиги айтилган.

 

×