Ўзмиллийбанк "Lotte City Hotel Tashkent Palace" меҳмонхонасини тасарруфидан чиқарди

lotte tashkent

Lotte меҳмонхонаси биноси. Фото: booking.com

Ўзмиллийбанкнинг 100 фоиз эгалигидаги "Tashkent Palace New" МЧЖ (Lotte меҳмонхонаси) банк тасарруфидан чиқарилмоқда. Бу ҳақда тегишли маълумот "Корпоратив маълумотлар ягона портали"га жойлаштирилди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, меҳмонхонанинг устав капитали 39,62 млрд. сўмни ташкил этади. 29 октябрь ҳолатига Stat.uz порталида жамият эгаси сифатида ҳали ҳам Ўзмиллийбанк кўрсатилган.

Lotte Stat

Манба: stat.uz

Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-саҳифасида 15 октябрь санаси билан "Тошкент ва Hyatt Regency Tashkent меҳмонхона мажмуаларини хусусийлаштириш бўйича консультантларни жалб қилиш тўғрисида эълон" жойлаштирилган. Унга мувофиқ, Ўзмиллийбанк тасарруфидан чиқарилган меҳмонхона Давлат активларини бошқариш агентлиги балансига ўтказилган бўлиши мумкин.

"Lotte City Hotel Tashkent Palace" меҳмонхонаси 1958 йил қурилган, 2013 йил тўлиқ қайта таъмирланган меҳмонхона бўлиб, Ўзбекистон маданий мерос объектлари қаторига киради. Ўзмиллийбанк сайтида ҳам ушбу меҳмонхона ҳақида мақола мавжуд.

Ҳозирда Ўзмиллийбанк бир нечта йирик компаниялар, хусусан, "Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ (51%), "NBU Gazgan Invest" (73%), "Азия-Инвест Банк" (96%), "NBU Invest Group" (100%), "NBU Samarkand Invest" (100%), "NBU Bunyodkor Invest" (100%) нинг катта қисм акциялар пакетига эгалик қилади.

Эслатиб ўтамиз, "2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида"ги Президент Фармонида банклар балансида уларнинг фаолиятига хос бўлмаган активларни босқичма босқич сотиш вазифаси қўйилган.

×