Халқаро валюта жамғармаси томонидан Ўзбекистонда илк бор Молиявий Секторни Баҳолаш Дастури (FSAP) амалга оширилди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон банк-молия соҳасида зарур ислоҳотларни амалга оширмоқда, бироқ ҳалигача бир нечта муаммолар бартараф этилмаган. Бу эса баъзи хатарларни юзага келтириши мумкин.
2017 йилдан буён Ўзбекистон кенг қамровли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Бу жараёнда валюта курсининг эркинлаштирилиши, нархларни либераллаштириш, хусусийлаштиришлар ва ташқи савдо ҳамда инвестициялар учун очиқлик кенгайтирилди.
Асосий ютуқлар:
ХВЖнинг Молиявий Сектор Баҳолаш Дастури (FSAP) доирасида қуйидаги ижобий ўзгаришлар эътироф этилган:
- Банк тизими тез суръатларда ўсди – 2017 йилдан буён банк активлари қарийб 9 баробар ошган.
- Кредитлаш фаолияти кенгайди, айниқса уй-жой, автомобиль ва истеъмол кредитлари йўналишида.
- Баъзи давлат банклари хусусийлаштирилди, бошқалари бозор тамойиллари асосида ишлашга ўтаётган ҳолатда.
- Валюталаштириш даражаси (долларизатсия) камайган.
FSAP Ўзбекистон молиявий секторидаги бир қатор муаммоларни ҳам кўрсатиб ўтди:
- Давлатнинг устун роли – 9 та давлат банки тизимдаги активларнинг 60% дан ортиғини назорат қилади. Давлат томонидан йўналтирилган ва имтиёзли кредит дастурлари банк ресурсларининг самарасиз тақсимланишига олиб келмоқда. Бу эса тизимда кредит хавфининг ортишига сабаб бўлмоқда.
- Кредит хавфи ва капитал етишмовчилиги – FSAP стресс тестларига кўра, ёмон иқтисодий шароитда (advers scenario) банкларнинг кўпчилиги, айниқса давлат банклари, капитал етишмовчилигига дучор бўлади. Капитал етишмовчилиги 3,6% ЯИМга тенг миқдорни ташкил этиши мумкин.
- Ноаниқ актив сифати – Муаммоли кредитлар (NPL) расмий ҳисоботларда паст кўрсатилмоқда. Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига (IFRS) кўра, реал NPL даражаси икки баравар юқори. Расмий статистикада муаммоли кредитлар (NPL) даражаси 4% деб кўрсатилган бўлса-да, Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (IFRS) бўйича бу кўрсаткич 7,8% ни ташкил этади. Субстандарт кредитлар, айниқса, давлатга тегишли тижорат банкларида 21,5% гача етган.
- Валюта таваккалчилиги – Кўплаб корпорациялар валюта хатарларини суғурталамасдан (hedging) хорижий валютада қарз олаётгани кредит таваккалчилигини оширади.
- Ликвидлик хавфи – Умуман олганда барқарор, аммо айрим банкларда депозитлар концентрацияси юқори бўлгани сабабли муаммолар юзага келиши мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон молиявий сектори трансформация йўлида. Ислоҳотлар банк тизимини янада барқарор, самарали ва рақобатбардош ҳолатга олиб чиқишга хизмат қилади. Бироқ, давлатнинг ортиқча иштироки, тизимли хавфлар ва муаммоли активлар бу йўлда асосий тўсиқлар бўлиб қолмоқда. ХВЖнинг ушбу ҳисоботидаги тавсияларни қатъий амалга ошириш Ўзбекистоннинг молиявий тизимини мустаҳкамлаб, иқтисодий барқарорликка замин яратади.
Тавсия ва ислоҳотлар йўналишлари
ХВЖ ва Жаҳон банки томонидан қуйидаги муҳим чора-тадбирлар тавсия қилинди:
- Давлат роли камайтирилсин – Давлат банклари хусусийлаштирилсин, давлат дастурлари бозор механизмларига ўтказилсин.
- NPL'ларни ҳал қилиш механизми ишлаб чиқилсин – Қарздорларни қайта реструктуризатсия қилиш ва ёмон активларни сотиш бўйича ҳуқуқий база кучайтирилсин.
- Марказий банк мустақиллиги таъминлансин – Назорат регуляциялари ва инспектсиялар кучайтирилсин, мустақилликка тўсқинлик қилувчи қонуний чекловлар олиб ташлансин.
- Молиявий барқарорлик кенгаши (FSB) тузилсин – Инқирозга қарши тайёрлик ва ўзаро мувофиқлаштириш кучайтирилиши керак.
- Имтиёзли кредитлар қисқартирилсин – Давлат қўллаб-қувватлаши субсидия ва кафолатлар орқали очиқ ва самарали бўлиши керак.