Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботни Марказий банк раиси Тимур Ишметов топширди.
Ҳисоботда таъкиданишича, 2024 йилда Марказий банкнинг фаолиятида асосий эътибор ялпи талабнинг инфляцияга бўлган босимларини юмшатиш, аҳолининг жамғариш фаоллигини рағбатлантириш ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг белгиланган таргет кўрсаткичига етишини таъминлашга қаратилган.
Фото: senat.uz
Шунингдек, ушбу даврда банк тизимининг молиявий барқарорлик кўрсаткичларини мақбуллаштириш, юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг салбий таъсирларини юмшатиш, банк хизматлари ва ҳисоб-китоб операцияларига кибертаҳдид ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш натижасида 2024 йилда банк тизимининг жами капитали ҳажми 18 фоизга, устав капитали ҳажми 22 фоизга ўсган. Капитал монандлиги кўрсаткичи 17,4 фоизни ташкил этиб (минимал талаб 13 фоиз), ўтган йил даражасида (17,5 фоиз) сақланиб қолган.
Фото: senat.uz
Ҳисобот йилида банклар томонидан тадбиркорлик субъектларининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инвестициявий лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун ажратилган кредитлар миқдори 2023 йилга нисбатан 35,8 трлн сўмга ошган ва 287,1 трлн сўмни ташкил қилган. Иқтисодиётдаги умумий кредит қўйилмалари қолдиғи эса 566,2 трлн сўмни ташкил этиб, 14 фоизга ўсган.
Фото: senat.uz
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлиги туфайли асосий ставка 14 фоиздан 13,5 фоизга пасайтирилган.
Пул-кредит соҳасидаги ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасининг юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини берган. Йил якунида инфляция даражаси 9,8 фоизни, базавий инфляция даражаси эса 7,2 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар Марказий банк томонидан бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ва амалга ошириладиган вазифаларга эътибор қаратди.
Фото: senat.uz
Жумладан, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилмай асоссиз кредит фоизи ва пеня ундирилган, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги кредитларни ажратишда белгиланган муддатларга риоя қилинмаган. “НUMO” ва “UZCARD” тизимларининг интеграцияси ҳанузгача якунланмаган. Муаммоли кредитларнинг улуши ўтган йилги даражада сақланиб қолмоқда.
Фото: senat.uz
Масъулларнинг мазкур камчиликларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
Муҳокама жараёнида фуқароларнинг банк карталаридан турли фирибгарлик йўллари билан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам бериш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Сенаторлар томонидан базавий инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш, тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш, хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, киберхавфсизлик чораларини кучайтириш ҳамда тадбиркорлардан ноқонуний тарзда маблағ ундириш ҳолатларига чек қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама якунида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.