“Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-1070-сон, 23.06.2025 й.) қабул қилинди. Қонун банклар, банклар гуруҳлари ва банк акцияларининг назорат пакетига эгалик қилувчи холдинг компанияларига нисбатан татбиқ этилади.
Эндиликда банкни санация қилишни бошлаш учун асос деб қуйидагилар олинади:
- банкнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки тўловга қобилиятсизликнинг юзага келиш эҳтимоли юқорилиги;
- банклар томонидан кўрилган чоралар, шунингдек Марказий банк томонидан қўлланган назорат чоралари тўловга қобилиятсизликни бартараф этишга қодир бўлмаганлиги ёхуд 6 ой ичида бунинг эҳтимоли мавжуд эмаслиги;
- банкнинг тизимли аҳамиятга молик эканлиги ёки тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкни мажбурий тугатиш орқали белгиланган мақсадларга эришиб бўлмаслиги сабабли санация қилиш зарурлиги.
Қонунчилик билан Марказий банк банкларни санация қилиш ва тугатиш соҳасидаги ваколатли давлат органи деб белгиланди. Шунингдек, Марказий банк санация қилинаётган банкнинг махсус бошқарувчисини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Санация қилиш воситалари қуйидагилардан иборат:
- активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш);
- оралиқ банкни ташкил этиш;
- ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш.
Қонунга кўра, санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар Марказий банк банкнинг активлари ва мажбуриятлари, шунингдек балансдан ташқари моддалари баҳолашдан ўтказилишини таъминлайди.
Шу билан бирга, Марказий банк ҳамда Омонатларни кафолатлаш агентлигининг қўшма қарори асосида санация қилиш жамғармаси ташкил этилади.
Марказий банк санация қилинаётган банк тузган шартномалар бўйича унинг тўлов ва ўтказмаларга доир муайян мажбуриятларини 6 ҳафтадан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ҳақли.
Қонунга кўра, банк фаолиятини тугатиш ихтиёрий ёки мажбурий тугатиш шаклида амалга оширилиши мумкин.
Агар банк тўловга қобилиятсиз бўлмаса ёки унинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши эҳтимоли юқори бўлмаса, у ихтиёрий тугатилиши мумкин.
Банкни ихтиёрий тугатиш Марказий банкнинг розилигига асосан амалга оширилади.
Агар банк тизимли аҳамиятга молик деб эътироф этилмаган бўлса, у “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган ҳолларда мажбурий тугатилиши мумкин.
Банкни мажбурий тугатиш Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш ва банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади. Банкни мажбурий тугатиш суддан ташқари ва суд тартибида амалга оширилиши мумкин.
Банкни мажбурий тугатиш жараёнида мажбурий тугатилаётган банкнинг активлари ҳамда мажбуриятларини бошқа банкка ўтказиш ва (ёки) банкнинг активларини сотиш воситаларидан фойдаланилади.