Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди. Қарор матни Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинди.
Қарорда келтирилишича, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларининг валюта хатарларини камайтириш учун 1 миллион АҚШ долларигача миқдорда хорижий валютада ажратилган кредитлар миллий валютага ўтказиб берилмоқда.
Тижорат банкларидан хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганда амалдаги компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартномалари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг эквиваленти 1 миллион АҚШ долларидан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган кредитларнинг асосий ставкадан ошадиган, лекин 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация тақдим этилади.
Бунда, Жамғармага мазкур кредитлар бўйича амалдаги компенсациялар миқдорларини қайта ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг умумий миқдорини мутаносиб равишда ўзгартиришга рухсат этилади.
2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХМИ ва ХҲМТ) маблағлари ҳисобидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ХМИ ва ХҲМТлар иштирокида қайта кредитланадиган лойиҳалар бўйича масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда лойиҳалар доирасида молиялаштирилган сублойиҳалар тўғрисида, шунингдек, уларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши устидан мониторинг натижалари юзасидан ҳар чорак якуни бўйича ахборотни ўз расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб боради.
Тасодифий хабарлар
Марказий банк йиллик инфляция даражаси 9,5 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилмоқда
Капиталбанк Uzum экотизимининг бир қисми бўлади
Микрокредитбанк матбуот анжумани ўтказди