Жорий йилнинг 19-20 июнь кунлари Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгашининг 9-мажлиси бўлиб ўтди.
Анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур тадбир икки давлат ишбилармон доиралари, етакчи компаниялари ва молия муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
Жорий йилги учрашувда ҳам қатор истиқболли келишувларга эришилди. Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк Германиянинг етакчи молиявий муассасалари - “DZ Bank” ва “AKA Bank” билан умумий қиймати 100 миллион евро бўлган шартномаларни имзолади.
Мазкур келишувлар доирасида Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари, айниқса микро, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ташқи савдо операцияларини молиялаштириш режалаштирилган. Шунингдек, банклар ўртасида ғазначилик амалиётлари, кадрлар салоҳиятини ошириш ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам келишувга эришилди.
Маълумот учун:
DZ Bank — Германиянинг энг йирик банкларидан бири бўлиб, корпоратив ва чакана молия хизматлари, капитал бозорлари ҳамда ғазначилик соҳаларида фаолият юритади. Банкнинг жами активлари 659,6 миллиард еврони, капитали эса 32,6 миллиард еврони ташкил этади.
_________
AKA Bank — Германиянинг йирик молия институтлари, жумладан “Deutsche Bank”, “Commerzbank”, “Bayern LB”, “LBBW” томонидан ташкил этилган тижорат банки бўлиб, экспорт ва савдони молиялаштириш йўналишида фаолият юритади.
Қайд этиш жоиз, ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон банк секторида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва тадбиркорлик муҳитини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.