Халқ банки акциядорлари йиллик умумий йиғилиши 28 июнь куни ўтказилади

05.06.2025 12:41

498

Халқ банки акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2025 йил 28 июнь куни банк Бош офисида бўлиб ўтади. Йиғилиш кун тартибидан банк Кузатув кенгаши ва Бошқарувининг 2024 йил якунлари ҳамда ривожланиш стратегияси ҳисоботларини эшитиш, жорий йил учун ташқи аудиторларни аниқлаш ва бошқа бир нечта масалалар ўрин олган.

Фото: Халқ банки

Акциядорлик тижорат Халқ банки акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2025 йил 28 июнь куни соат 15:00 да Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳ кўчасида жойлашган банк бош офисида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.

Йиғилиш кун тартибида банкнинг 2024 йилги фаолияти якуни бўйича фойдаси (ёки зарари)ни тақсимлаш, 2024 йил якунлари бўйича корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш, 2024 йил якунлари бўйича аудиторлик хулосасини кўриб чиқиш ҳамда банкнинг йиллик ҳисоботини тасдиқлаш каби масалалар муҳокама қилинади.

Шунингдек, йиғилишда Кузатув кенгашининг 2024 йил якунлари ва банкни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш, банк Бошқарувининг 2024 йил якунлари, шу жумладан, бизнес-режа ижроси ва банкни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги йиллик ҳисоботини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, акциядорлар банкнинг 2025 йилги фаолияти якунларини аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича аудиторлик ташкилотини танлаш, унинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдорини белгилаш ҳамда у билан шартнома тузиш масаласини тасдиқлайди.

Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида кўриладиган масалалар бўйича маълумотлар билан Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳ кўчаси, Халқ банки марказий аппаратининг маъмурий биноси манзилида танишиш мумкин.

Қўшимча маълумотлар учун телефон: +998 78-150-88-11 (ички 10126).

Эслатиб ўтамиз, банк акцияларига Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (73.8%) ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси" АЖ (26.2%) эгалик қилади.

Теглар:

#Халқ_банки#АУЙ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган