"Асакабанк" АЖ Бош офиси. Фото: Мирзаолим Дилшодов/Bankers.uz
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган "Асакабанк ҳудудлардаги филиаллар ходимларининг қўшимча иш ҳақларини кескин пасайтиришга қарор қилган” сарлавҳаси остида эълон қилинган маълумотга нисбатан "Асакабанк" АЖ расмий муносабат билдирди. Банк бу каби хабарларни мавжуд объектив ҳолатлар чуқур таҳлил қилинмасдан, банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари ўрганилмасдан, нопрофессионал ёндашув асосида тайёрланган материал сифатида банк брендини обрўсизлантиришга қаратилган ҳатти-ҳаракат деб баҳолаган.
Муносабат матнида жумладан шундай дейилган (матн ўзгартиришларсиз ҳавола этилмоқда):
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сонли “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида” ги Фармони қабул қилинган бўлиб, мазкур Фармон билан давлат улушига эга бўлган банкларни корпоратив трансформация қилиш жараёнининг тўртта устувор йўналиши кўрсатиб ўтилган. Тўртинчи устивор йўналиш сифатида кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида:
- кадрларни бошқаришнинг корпоратив стратегиясини такомиллаштириш;
- банк кадрларини узлуксиз ўқитиш тизимини жорий қилиш;
- ҳар бир ходимнинг фаолияти натижаларини баҳолаш асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий тизимларига ўтиш (KPI, бонус)ни жорий қилиш белгилаб қўйилган.
Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида “Асакабанк” АЖ акциядорлари умумий йиғилишининг 2020 йил 16 октябрдаги 3-сонли баённомаси билан “Асакабанк” АЖ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами №961) тасдиқланган ва Банкнинг Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда 2021 йил 25 январдан амалиётга жорий этилган.
Президентимизнинг юқоридаги Фармони ҳамда банкнинг ички меъёрий ҳужжатига асосан банк тизимида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича белгиланган янги шартлар банкнинг барча ходимларига таништирилиб, ёзма розилиги олинган ва ушбу ўзгаришлар ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида хам акс этган. Хусусан, банк ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларининг 3.1. бандида иш берувчи ва ходим ўртасида келишиб олинган ойлик маош (иш ҳақи) нинг миқдори белгиланган бўлиб, шартноманинг 3.4. бандида ходимга қўшимча тўловлар, устама ҳақ, компенсациялар, шунингдек, мукофотлар ва меҳнат шароити билан боғлиқ бошқа рағбатлантирувчи тўловлар Банкнинг ички меъёрий ҳужжатларига мувофиқ белгиланиши мумкинлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 16-моддасига мувофиқ, ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Ушбу талаб "Асакабанк" АЖ нинг амалдаги жамоа шартномасида ҳам белгиланган. Жамоа шартномасининг 5.6. бандига кўра, иш берувчи ходимларнинг юқори самарали меҳнатини рағбатлантириш мақсадида меҳнатда эришган ютуқлари ҳамда Банк ишига қўшаётган алоҳида ҳиссасини инобатга олган ҳолда Банк тизимидаги ходимларнинг эгаллаб турган лавозимларига биноан лавозим маошига Банкнинг ички меъёрий ҳужжатларида белгиланган тартибда устама ҳақ тўлаши қайд этилган.
“Асакабанк” АЖ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Низомнинг 19-бандига кўра, банк ходимларига уларнинг малака, тоифа ва мажбуриятларига қараб шартли бирликлар кўринишида индивидуал устамалар белгиланади. Индивидуал устамаларни белгилашда ходим фаолияти банкнинг корпоратив талабларига мувофиқлиги, самарадорликни баҳолашнинг амалдаги меъёрлари, касбий мажбуриятлари даражаси, шунингдек, юқори малакали банк мутахассисларига бўлган эҳтиёжлар ҳисобга олинади.
Ходимларга индивидуал устамалар белгиланган мезонларга асосан Комиссия томонидан кўриб чиқилади ва ҳар бир ходимнинг малакаси, ваколати, маҳорати, банк ривожига қўшган ҳиссаси ҳисобга олинади.
Ходимларга белгиланган индивидуал устамалар мазкур Низомда қайд этилган ҳолларда, хусусан, ходимларнинг банк даромадлари (фойдаси) пасайишига олиб келган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги); меҳнат (ижро) интизоми, Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари талабларини бузиш, банк раҳбарияти топшириқлари, вазифаларини, лавозим мажбуриятларини сифатли ва ўз вақтида бажармаслик каби меҳнат мажбуриятлари бузилишига йўл қўйилган ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда Комиссия томонидан камайтирилиши (маҳрум қилиниши) мумкин.
Юқоридагилардан хулоса қилиб:
• "Асакабанк" АЖ тизимида ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари, жамоа шартномаси талаблари ҳисобга олинган ҳолда ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ, қонуний тартибда амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган миқдорлардан кам эмас.
• Ходимларга устама ҳақ тўлаш ёки унинг миқдорини ўзгартириш иш берувчининг мажбурияти эмас, аксинча қонуний, қолаверса, меҳнат шартномасида белгиланган ҳуқуқи ҳисобланади;
• Меҳнат кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнат тақиқланади. "Асакабанк" АЖ да ҳам ушбу талабга тўлиқ риоя қилинади.
• Мақола муаллифининг "Асакабанк" АЖ тизимида ходимларга нисбатан ҳақ тўлашнинг янги тартибини “ходимларни эксплуатация қилиш” воситаси сифатида эътироф этиши унинг асоссиз, қонунга зид ва нотўғри шахсий фикри ҳисобланиб, ушбу фикр банкнинг ички меъёрий ҳужжати талабларига, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5992-сонли Фармони талабларига ҳам зиддир.
• Банк тизимидаги ахборотларни ёритувчи “Банкир кундалиги” канали жамоасининг бундай асоссиз, етарли даражада ўрганилмаган, нохолис ахбороти банкнинг имиджига ва банк ходимлари ҳамда мижозларининг "Асакабанк" АЖ га нисбатан нотўғри хулосаси шаклланишига хизмат қилади.
Шулардан келиб чиқиб, "Асакабанк" АЖ юқоридаги мақолани мавжуд объектив ҳолатлар чуқур таҳлил қилинмасдан, банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари ўрганилмасдан, нопрофессионал ёндашув асосида тайёрланган журналистик материал сифатида банк брендини обрўсизлантиришга қаратилган ҳатти-ҳаракат деб баҳолайди.
Шу ўринда "Асакабанк" АЖ ҳар қандай оммавий ахборот воситалари, шунингдек, журналистлар, блогерлар ҳамда бошқа ижтимоий тармоқ фаолларини банк ва унинг фаолиятига тааллуқли бўлган ҳар қандай материалларни тайёрлашда ҳамда жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишда холис бўлишга чақиради.
Ўзбекистон Республикаси “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шартлиги ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар эканлигини эслатиб ўтамиз."
Тасодифий хабарлар
Самарқандлик миллиардер Хуршид Тўраевнинг компанияси тўлов ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтди
Хорижий банклар Ўзбекистонда лицензия олмасдан туриб андеррайтинг фаолиятини амалга ошириши мумкин
Таълим кредити ажратиш бўйича янги тизим жорий қилинади