"Smart bank" АЖ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши 2025 йил 17 июнь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.
Йиғилишда банк номи ва реквизитларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилиши белгиланган. Шунингдек, йиғилиш кун тартибидан Банк Бошқарувининг 2024 йил фаолияти якунлари бўйича ҳисоботини тасдиқлаш, банкнинг 2024 молиявий йил якуни бўйича йиллик ҳисоботи, бухгалтерия баланси, фойда ва зарарлар ҳисоботини тасдиқлаш, Банкининг 2024 йил фаолияти якуни бўйича соф фойдасини тақсимлаш, Банк Кузатув кенгашининг 2024 йил фаолияти якунлари бўйича ҳисоботини эшитиш, Банкнинг Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали янги таҳрирда тасдиқлаш ҳамда Банкнинг 2025-2027 йилларга мўжалланган ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш каби масалалар ўрин олган.
Йиғилиш Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Шахрисабз кўчаси 2-уй манзилида жойлашган бинода ўтказилади.
Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида кўриб чиқиладиган масалалар бўйича ахборотлар (материаллар) билан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани, Ботир Зокиров кўчаси, 2А-уй манзилида танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бошида банкнинг асосий акциядори ўзгарган эди. Тўлов хизмати кўрсатувчи "Future Open Technology Group" АЖ Smartbankнинг 90,2 фоизлик акциялар пакетини 451 млрд сўм эвазига сотиб олганди.
Банк сайтидаги ҳамда Статистика агентлиги очиқ маълумотларига кўра, "Smart bank" АЖ акциялари пакетига "Future open technology group" АЖ (85,07 фоиз), Комилхўжа Султонов (10 фоиз) ҳамда Зафар Адилов (4,93 фоиз)лар эгалик қилади.