Буюк Британияниг Лондон шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 34-йиллик анжумани доирасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва Буюк Британиянинг Standard Chartered банки билан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида келишув имзолади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур келишув Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, савдо молияси йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш, янги молиявий инструментларни жорий этишдек долзарб ислоҳотларга ҳамоҳангдир.
Ўз навбатида, келишув доирасида банк ходимлари учун институционал салоҳиятни ошириш, билим ва тажриба алмашиш орқали малака ошириш дастурларини ҳаётга татбиқ этиш каби муҳим вазифаларни ҳам ўз ичига олади.
Маълумот учун, Standard Chartered Bank — Буюк Британияда жойлашган, 60 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритадиган йирик халқаро молия институтидир. 2024 йил якунига кўра, банкнинг активлари 820 миллиард долларга, соф фойдаси эса 5,1 миллиард долларга етди. Фаолиятида Осиё, Африка ва Яқин Шарқдаги корпоратив банк хизматлари, савдо молияси ва инвестиция ечимларини қамраб олади. Банк барқарор ривожланиш ва халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб, Европа тиклатиш ва тараққиет банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Кўп томонлама сармояларни кафолатлаш агентлиги (MIGA) каби ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилади.