Марказий банк томонидан 2025–2027 йилларга мўлжалланган банк тизимида иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни бошқариш ва назорат қилиш стратегияси қабул қилинди.
Стратегия “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни тартибга солиш ва назорат қилиш соҳасидаги халқаро тажриба ва стандартларга асосланади.
Инфографика: Марказий банк
Устувор йўналишлар ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар
Стратегия доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- Тартибга солиш. Банкларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни бошқариш юзасидан тавсияларни ва пировардида ушбу йўналиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
- Назорат. Банклар томонидан иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликлар бошқарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
- Молиявий барқарорлик. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларнинг молиявий барқарорликка таъсирини баҳолаб бориш;
- Ҳамкорлик. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш соҳасида халқаро ташкилотлар ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш;
- Пул-кредит сиёсати. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларнинг нархлар барқарорлигига бўлган таъсирини таҳлил қилиб бориш;
- Салоҳиятни ошириш. Марказий банк ходимларининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ таваккалчиликлар бўйича билим ва касбий салоҳиятини ошириш.
Инфографика: Марказий банк
Стратегияни амалга ошириш “Йўл харитаси”да белгиланишича, Марказий банкнинг бир қатор тузилмалари: Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаменти, Банкларни пруденциал назорати департаменти, Молиявий барқарорлик департаменти, Пул-кредит сиёсати департаменти ҳамда банклар иштирокида 2025 йилдан 2027 йилгача ҳар чоракда белгиланган режали тадбирлар амалга оширилади.
Стратегияни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:
- иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни бошқариш ва назорат қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар ҳақида хабардорликни ошириш;
- банк секторида иқлим таваккалчиликларини бошқариш амалиётининг жорий ҳолатини аниқлаш;
- иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни бошқариш бўйича зарур меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш;
- банкларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни бошқариш тизимини жорий қилиш;
- иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий таваккалчиликларни баҳолашни Марказий банкнинг таваккалчиликка асосланган назорат тизимига интеграция қилиш;
- ўтиш таваккалчиликлари ва табиий таваккалчиликларнинг банк тизимига таъсирини юмшатиш;
- “яшил” сиёсатларни қўллаш натижасида келиб чиқадиган потенциал инфлятсиявий хатарлар бўйича хабардорликни ошириш;
- “яшил” пул-кредит инструментларини жорий қилиш учун замин яратиш;
- минтақанинг бошқа регуляторлари билан ҳамкорлик қилиш орқали энг мақбул минтақавий ёндашувларни шакллантириш;
- “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга кўмаклашиш.
Стратегиянинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.