Ўзбекистонда давлат облигациялари билан таъминланган HUMO токенини чиқариш режалаштирилмоқда

13.05.2025 11:22

746

Ўзбекистонда давлат облигациялари билан таъминланган HUMO токенларини яратиш кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳанинг асосий иштирокчиси HUMO тўлов тизими бўлади. Шунингдек, 2025 йил баҳорининг ўзида крипто фаолиятга оид 3 та лицензияга эга бўлган — "ASTERIUM" МЧЖ ва блокчейн технологиялар бўйича халқаро компания — Broxus жалб қилиниши кўзда тутилган.

Фото: HUMO

Ўзбекистонда давлат облигациялари билан таъминланган HUMO токенини ишга тушириш бўйича синов лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда HUMO тўлов тизими маълум қилди.

Давлат облигацияси – бу ҳукумат томонидан ички ёки ташқи қарзни молиялаштириш учун чиқариладиган қарз мажбурияти. Улар одатда белгиланган муддат ва фоиз даромадига эга.
Токен – бу рақамли актив бўлиб, блокчейн технологияси асосида яратилади. Токенлар кўпинча муайян активни (масалан, олтин, валюта, облигация) ифодалайди.

Лойиҳа хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг инновацион усулларини яратиш, ички ва халқаро ҳисоб-китобларни соддалаштириш, молиявий операцияларнинг шаффофлигини ошириш ва янада жозибадор инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилгани таъкидланди. HUMO токени давлат облигациялари билан таъминланади, бу эса таъминланган токеннинг барқарорлигини кафолатлайди ва унинг қийматидаги тебранишларни бартараф этади.

Бу қандай ишлайди?

Инвестор давлат облигациясини сотиб олади (масалан, 1 000 000 сўмлик). Бу облигация блокчейн орқали "токенлаштирилади" – яъни шу облигацияни ифодаловчи HUMO токен яратилади. Токен инвесторга берилади. Бу токен шу облигациянинг фоиз даромади ва муддатига боғлиқ бўлади. Инвестор токенни:

  • сақлаши;
  • бошқа инвестор билан алмашиши;
  • иккиламчи бозорда сотиши мумкин.

Токен аслида облигациядек даромад беради, лекин блокчейн орқали тезкор, очиқ ва автоматлаштирилган шаклда ҳаракат қилади.

Қайд этилишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг крипто-активлар муомаласи соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мос келади. Лойиҳанинг асосий иштирокчиси HUMO тўлов тизими ҳисобланади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида крипто-активлар муомаласи соҳасидаги хизматлар миллий провайдери - "Asterium" МЧЖ, блокчейн технологиялар соҳасида халқаро экспертлар - "Broxus" компаниясини жалб этиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан 2025 йилнинг март-апрель ойларининг ўзида “ASTERIUM” МЧЖга крипто-дўкон, крипто-депозитарий ва крипто-биржа фаолиятларини амалга ошириш учун алоҳида лицензиялар берилган.

Таъминланган HUMO токени фойдаланувчиларга бир қатор асосий афзалликларни тақдим этади: токенларни кечикишларсиз ва воситачиларсиз фиат маблағларга {сўм ёки бошқа валюталар - таҳр.} алмаштиришнинг тезкор ва автоматлаштирилган жараёнлари, транзаксия харажатларини камайтириш, барча операцияларнинг шаффофлиги ва хавфсизлигини ошириш учун барча амалларни тақсимланган маълумотлар реэстрида (блокчейнда) қайд этиш.

Операцияларнинг тўлиқ шаффофлиги туфайли таъминланган HUMO токенидан фойдаланиш ҳам молиявий фирибгарликка қарши курашишнинг самарали воситасига айланади. HUMO таъминланган токенини чиқариш ва муомалага киритиш механизми мамлакатнинг мавжуд молиявий инфратузилмасига интегратсиялашувни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, дейилади хабарда.

Келажакда ушбу лойиҳа доирасида яратилган блокчейн платформаси Ўзбекистонда янги рақамли хизматларни ривожлантириш учун асос бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Теглар:

#humo#HUMO токен#Asterium#Broxus

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган