Uzum Bank Ўзбекистон бозори учун янги финтех-маҳсулот — тўловлар учун ягона QR-кодни синовдан ўтказмоқда. Фойдаланувчилар дўкондаги харидлар учун карта билан ёки насияга бир зумда тўлов қилишлари мумкин. Тадбиркорлар эса савдо ҳажмини оширишлари, маблағларни бошқаришлари ҳамда товар ва хизматлар учун шу куннинг ўзида пул олишлари мумкин. Тест жараёнига 200 дан ортиқ сотувчи қўшилган, тез кунда QR-код бутун мамлакат бўйлаб амал қилишни бошлайди.
Тўлов қилиш учун фойдаланувчи шунчаки дўконда QR-кодни сканерлаши ҳамда ўзи учун қулай усулни: картадаги шахсий маблағлар орқали тўловни ёки янгиланувчи лимитдан насияга тўловни танлаши мумкин. 25 млн сўмгача лимит Uzum Bank иловасида бир неча клик орқали расмийлаштирилади. Насия дастлабки тўловсиз 12 ойгача муддатга берилади, уни муддатидан олдин сўндириш имконияти ҳам мавжуд.
Тадбиркорлар тайёр ечимни савдо жараёнига жорий этиши ва харидлар учун дарҳол тўлов олишни бошлаши мумкин. Сотувчининг шахсий кабинетида сотувлар ва тўловларни бошқариш қулай. Uzum экотизимининг сервислари билан интеграция ва қўшимча реклама имкониятлари эвазига бизнес кўпроқ мижозларни жалб этиши ва сотувларни ошириши мумкин. Ўртача қийматда насияга тўлов усулини улаш харидлар ҳажмини 30 фоизга, ўртача чек қийматини эса бир ярим бараварга оширишга ёрдам беради.
“Uzum экотизими сервисларидан Ўзбекистон бўйлаб 15 млндан ортиқ аҳоли фойдаланади. Финтех-воситаларнинг оммабоплиги шиддат билан ўсиб бормоқда: ўтган бир йил ичида Uzum Bank иловасидаги онлайн-тўловлар миқдори икки баравар ошган, ҳамкорлар сони эса учдан бир қисмга ортган. Биз учун фойдаланувчиларнинг ҳам, тадбиркорларнинг ҳам ҳаётини соддалаштирадиган технологик инфратузилма яратиш жуда муҳим. Мижозлар харидлар учун ҳеч қандай воситачиларсиз карта билан ёки насияга тез ва ҳамёнбоп тўлов қилишлари мумкин. Бизнес ҳам барча тўловларнинг бирма-бир киритилишини кутиб ўтиришига ҳожат қолмайди — тўлиқ сумма харид кунида ҳисобга келиб тушади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида харидлар учун Uzum карта орқали тўлов қабул қилишда ечиладиган комиссиядан воз кечганмиз”, дея изоҳ берди Uzum Fintech бош директори Егор Абраметс.
Ҳамкорлик асосида