Ўзбекистон банкларининг даромадлилик кўрсаткичлари: 9 ой якунлари қандай?

Оператив маълумотларга кўра, 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича Ўзбекистон тижорат банклари ўз фаолиятини жами 4 трлн. 766 млрд. сўм соф фойда билан якунладилар. Бу тизимнинг жами баланс соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 580,4 млрд. сўмга ёки 14,4 фоизга кўп бўлганини билдиради.

Соф фойда мутлақ миқдори бўйича биринчи учта ўринни давлат банклари - Ўзсаноатқурилишбанк (787,4 млрд. сўм), Ўзмиллийбанк (676,8 млрд. сўм) ва Ипотека банк (587,7 млрд. сўм) эгаллаган. 

Ўтган йилнинг мос даврида соф фойда миқдори бўйича етакчи бешликнинг барчаси давлат банклари бўлган бўлса, бу йилги "кучли бешлик"ка иккита хусусий банклар ҳам кирган - ўтган йил мос давридаги Халқ банки ва Асакабанклар ўрнини Трастбанк ва Hamkorbank эгаллаган. 

Халқ банки соф фойдаси (катта эҳтимол билан кредитлар учун қилинган заҳиралар сабаб) ўтган йил мос даврига нисбатан 324,7 млрд. сўмга камайиб кетган ва 9 ойлик якуни бўйича 60,4 млрд. сўмни ташкил қилган. Шу сабабли, у ўтган йилги "ТОП-10"даги "ўрнини" соф фойдаси 2,5 баробарга ўсган Капиталбанкка "бўшатиб берган". 

"ТОП10"нинг иккинчи қисмида Ипак Йўли банки (300,0 млрд. сўм), Қишлоқ қурилиш банк (272,2 млрд. сўм), Капиталбанк (267,8 млрд. сўм), Асакабанк (258,4 млрд. сўм) ва Ориент Финанс банк (213,7 млрд. сўм) жойлашган. 

Шуни қайд этиш керакки, соф фойда мутлақ миқдори бўйича юқоридаги ўнта банкнинг соф фойдаси жами банк тизими соф фойдасининг 86,4 фоизини ташкил қилган.

Ўтган йилнинг 9 ойлик якуни билан солиштирганда, баланс соф фойдаси кўрсаткичининг энг катта ўсиш даражаси Tenge Bank'да (3,7 баробар), Капиталбанкда (2,5 баробар), Ravnaq-bank'да (2 баробар), Ипотека-банкда (1,5 баробар), КДБ банкда (1,4 баробар) қайд этилган.

Ўтган йилнинг мос даврида ҳеч қайси банк ўз фаолиятини зарар билан якунламаган бўлса, бу йил 4 та банк 9 ойликни зарар билан якунлаган. Булар - TBC банк (-84,4 млрд. сўм), Hi-Tech Bank (-36,0 млрд. сўм), Ўзагроэкспортбанк (-16,8 млрд. сўм) ҳамда Савдогар банк (-10,9 млрд. сўм)лардир.

Ўзбекистон банкларининг соф фойда миқдори ортиши билан бир қаторда, аксинча, тизимнинг даромадлилиги (рентабеллиги) пасайганлигини қайд этиш лозим. Даромад рентабеллиги ўтган йилнинг мос давридаги 11,5 фоиздан 9,7 фоизга тушиб кетган.

Даромадлилиги (соф фойда/жами даромад нисбати) бўйича юқори кўрсаткичлар асосан давлат назоратида бўлмаган банкларда - Эрон "Содерот" банк (51,9 %), КДБ Банк Ўзбекистон (40,1 %), Трастбанк (38,0 %), Ориент Финанс банк (26,4 %), Tenge Bank (26,3 %), Давр банк (26,1 %), Ипак Йўли банки (20,0 %) ларда ва деярли хусусийлаштирилаётган Пойтхатбанкда (33,4 %) қайд этилган. Трастбанк ҳамда Ориент Финанс банкларнинг ҳисобот давридаги жами даромади 1 трлн. сўмдан ошмаган ҳолда, соф фойда миқдори бўйича "кучли бешлик"ка кира олганликларини алоҳида қайд этиш мумкин.

Ўзбекистондаги тижорат банкларининг даромадлилик кўрсаткичлари бўйича барча рақамлар билан қуйидаги жадвалда танишишингиз мумкин.* 

2021 3 chorak

* Изоҳ: Юқоридаги маълумотлар нормасмий манбалар томонидан тақдим этилган бўлиб, банклар томонидан ҳали расман тасдиқланмаганлиги боис, расмий таҳлилларда фойдаланиш тавсия этилмайди.

Мазкур таҳлилий жадвалда банкларнинг мутлақ баланс соф фойдаси (даромад ва харажатлар айирмаси) кўрсатилган бўлиб, мазкур рақамлар турли сабаблар (ундирилмаган даромадлар миқдори, эҳтимолий йўқотишларга қилинган заҳиралар ҳажми ва ҳк сабаб) банкларнинг реал соф фойдасини акс эттирмаслиги мумкин. 

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ тегишли аудиторлик текширувлари натижасида банкларнинг соф фойда кўрсаткичи корректировка қилиниши ҳам мумкин.

×