Тошкент шаҳрида Бизнесни ривожлантириш микромолия ташкилоти очилди

06.05.2025 16:12

338

“Бизнесни Ривожлантириш Банки” АТБ таъсисчилигида микромолия ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиб, иш бошлади. Ташкилот якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳамда барча турдаги кичик бизнес субъектлари учун микромолия хизматлари кўрсатади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Тошкент шаҳрида “Бизнесни Ривожлантириш Банки” АТБ таъсисчилигида ташкил этилган микромолия ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда банк Бошқаруви аъзолари, тадбиркорлар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар банк тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар хизматлар кўлами ва сифатини замон талаблари асосида мунтазам яхшилаб боришга замин ҳозирлаётганини таъкидлашди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 10-ноябрдаги ПҚ-364-сонли “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида тижорат банкларига республикада микромолия хизматларини кенгайтириш вазифаси юклатилган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш ҳамда микро, кичик ва ўрта бизнес субектларига, шунингдек, жисмоний шахсларга ва расмий даромадига эга бўлмаган аҳоли қатламига микромолия хизматлари кўрсатиш мақсадида “Бизнесни Ривожлантириш Банки” АТБ таъсисчилигида микромолия компанияси ташкил этилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Ташкилот якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳамда барча турдаги кичик бизнес субъектлари учун микромолия хизматлари кўрсатишни мақсад қилган.

Бу жараёнда жисмоний шахслар ҳам ўз бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ қилиш учун молиявий кўмак олиш орқали бевосита иштирок этишлари мумкин. Эътиборлиси, тадбиркорлар учун 100 млн сўмгача микрокредитлар гаровсиз тақдим этилади, 300 млн сўмгача эса, таъминот асосида микроқарзлар ажратилиши кўзда тутилган.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Марказий банк бошқарувининг 2025 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ –“BIZNESNI RIVOJLANTIRISH MIKROMOLIYA TASHKILOTI” масъулияти чекланган жамияти №127-сон билан микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритиш воситасида ҳисоб рўйхатидан ўтказилди.

Қатнашчилар ташкилотда яратилган шарт-шароит ва таклиф этилаётган хизматлар билан бевосита танишдилар.

Ҳамкорлик асосида

Теглар:

#BRB

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган