"Асакабанк" АЖ Ички аудит департаменти директори Хайруллаев Шерзод Исмаилович ушбу банк Бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Асакабанк ахборот хизмати хабар берди.
Шерзод Исмаилович 1982 йилда туғилган. 2003 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2012 йили эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Банк тизимидаги меҳнат фаолиятини 2004 йили Халқ банки Тошкент вилояти филиалида бошлаган. 2007 йилдан 2017 йилгача Халқ банки марказий аппаратида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.
2017–2019 йилларда Ўзмиллийбанк раҳбарлик вазифаларида, 2019 йилдан эса “Асакабанк” АЖда Ички аудит департаменти директори сифатида фаолият олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, Шерзод Исмаиловичнинг ушбу масъулиятли лавозимга тайинланиши Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилгандан сўнг расман кучга киради.