Фото: “Тенге банк” АТБ Бош офиси биноси
“Tenge Bank” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Таваккалов Bankers.uz нашри учун махсус интервью берди. Биз Улуғбек ака билан ҳозирги иш жойидаги фаолияти ва режалари, давлат банкида тўплаган тажрибаси, ўзбек банклари ҳамда банк хизматлари бозорини яқин келажакда нималар кутаётганлиги ҳақида суҳбатлашдик.
— Ассалому алайкум, Улуғбек ака, ушбу интервьюни беришга розилик берганингиз учун раҳмат! Айтингчи, Тенге банкда бошқарув раиси ўринбосари бўлиб иш бошлаганингизга ҳам бир неча ой бўлди, аввал ҳам давлат назоратида бўлмаган банкда, кейинчалик трансфомация жараёнлари кетаётган давлат банкида ишлаган мутахассис сифатида, чет эл шўъба банки — Тенгебанк ҳақида касбий таассуротларингиз қанақа? Янги банкка “мослашув” жараёни қандай кечди?
— Хайрли кун! Хорижий компанияда ишлаш, янги касбий тажриба орттиришни ҳамиша орзу қилиб келгандим. Тўғри урғу бердингиз – Тенгебанк Қозоғистоннинг Халык банкининг шўъба банки ҳисобланади ва ўзининг корпоратив маданияти, ҳужжатлар айланмаси ва ўзига хос ички жараёнлари бор. Компанияни минглаб кичик, бироқ муҳим жиҳатлар ажратиб туради: учрашувларни режалаштириш ва ташкиллаштириш, уларни ўтказиш тартиби, иш куни ва ҳажми меъёрлари, эгилувчанлик, муҳим масалаларни ҳал қилиш учун зудлик билан йиғилиб, муҳокама қилиб олиш имконияти, бюрократиянинг минимумлиги ва ҳоказолар. Бундан ташқари, банкда амалиёт жараёнлари тўғри тузилган: бирорта савдо нуқта бэк-офисга эга эмас, барчаси фронт офисдан ташкил топган. Банк ягона МФО билан фаолият юритади, бу эса филиаллараро ҳисоб-китоблар, мижозларнинг ягона базаси, пул ўтказмалари (проводкалар)нинг моделларини янада соддалаштиришга имкон беради.
— Агар сир бўлмаса, бир нечта омадли лойиҳаларни бошлаб турган жойингизда, нима учун ЎзСҚБдан кетдингиз?
— Ўзсаноатқурилишбанк мен учун маркетплейс қуриш, карта процессинги, янги мобил илова ва ҳоказолар каби ғояларни рўёбга чиқариш имкониятини яратган майдонча сифатида ажойиб ва зўр мактаб бўлди.
Менинг у банкдан кетишим чет эл тарафидан бўлган таклиф билан кўпроқ боғлиқ. Тенге банкда янги йирик лойиҳаларни ишга туширишга бўлган иштиёқ ушбу қароримга кўпроқ таъсир қилди, десак тўғрироқ бўлади.
— Нима деб ўйлайсиз, келгуси 3-5 йилда Ўзбекистон банк тизимини қандай келажак кутмоқда?
Ўзбекистон банк тизими фаол “қайта қурилиш” босқичини бошдан кечирмоқда. Айрим банкларнинг, масалан Ипотека банк, Пойтахтбанк, Ўзагроэкспортбанкларнинг эгалари ҳам ўзгармоқда. Бизнес жараёнлар янгиланмоқда, сотув каналлари ривожланяпти. Ўйлашимча, келгуси 3-5 йилда бозорни қайта тақсимлаш жараёни юз беради, бунда банклар, аксинча, универсал банкдан энди ихтисослашган: корпоратив, микрокредит, чакана банкларга айланишади, натижада банклар бозорни “ўзаро бўлиб олишади”. Аксарият давлат банклари хусусий инвесторларга сотилади, балки бир нечта кичик банклар бошқа нисбатан каттароқ банклар томонидан “ютиб юборилиши” ҳам мумкин.
Шунингдек, яқин келажакда банкларнинг мерчантлар билан тўлов агентлари орқали ёки тўғридан-тўғри интеграциялашуви кучайиши юз беришини кутяпман. Банкларнинг даромадлари таркибида мерчантлардан қайтарилган комиссия ҳамда суғурта компанияларидан комиссия каби даромад турлари улуши орта боради.
Бу нарса истеъмолчилар учун янада ижобий таъсирини кўрсатади: камроқ бюрократия, мижозлар талабини яхшироқ тушуниш, банк маҳсулотларидан фойдаланишнинг қулайлашуви, рақамлаштириш. Оддий қилиб айтсак, банкларнинг ўзи истеъмолчилар ва бизнес учун маҳсулотлар таклиф қила бошлайди ва одатда истеъмолчилар кўпроқ бўладиган жойларга кириб боришни бошлайдилар.
Умуман, олганда, банк тизими тараққиётининг сўнгги ва яқин келажакдаги йилларига ном бериш мумкин бўлганда, мен уларни қуйидагича номлаган бўлардим:
- 2018 йил – мобил иловаларни яратиш йили (айнан шу йил аксарият банклар ўз мобил иловаларини “ёзишни” бошлагандилар);
- 2019 йил – бепул халқаро карталар йили (шу йили банклар ХПК эмиссияси учун комиссияларни камайтиришни бошлашган);
- 2020 йил – онлайн микроқарзлар йили (мижознинг кредитга лаёқатлилигини онлайн текшириш имкониятини берувчи ташқи базалар пайдо бўлди ва ҳамма рақамли микроқарз беришни бошлади);
- 2021 йил – фронтал тизимлар ва сервис шиналари қуриш йили (кўпчилик АБС – бу шунчаки транзакцион машина, а қолган нарсалар CRM, BPM ва ERP тизимларда бўлишини тушуниб етишди);
- 2022 йил – кредит ва бўлиб тўлаш карталари йили бўлади (кўп банклар микроқарзлар бозори тўйина бошлаганлигини ва энди карта орқали қарзлар берувчи маҳсулотларга қизиқиш уйғонганини сезишмоқда);
- 2023 йил – кичик бизнес учун онлайн кредитлаш йили бўлади (чакана бозори эгалланган, иштирокчилар ва маҳсулотлар билан тўйинган бўлади ва банклар кичик бизнес учун хизматлар бозорига ўта бошлайди”.
— Қайси банкларни чакана хизматлар бозорида энг тез ўсаётган ва ўзгараётган банклар деб ҳисоблайсиз?
— Менимча, булар Капиталбанк, TBC, Анорбанк. Ва албатта Tenge Bank!
— "Tenge Bank"да сиз ишга ўтгандан кейин айнан сизнинг ташаббусингиз билан қилинган лойиҳалар қайсилар? Яна нималарни режалаштиряпсиз, агар сир бўлмаса?
Биз кўп лойиҳалар устида ишламоқдамиз:
- офисларимиз сифат ва сон жиҳатдан ҳам ўсмоқда. Яқинда вилоятларда 2 та “нуқтамиз”ни очдик, тез кунларда яна 3 та савдо нуқталаримиз очилиш арафасида;
- фидбек каналларни ўрнатдик, электрон навбат, KPI тизимини йўлга қўйдик, сотувчи ходимларимизнинг универсаллигини оширдик;
- чакана савдо билан шуғулланувчилар, телеком операторлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари қошида агентлик нуқталарини очмоқдамиз. Автодилерлар ва савдо фирмалари билан фаол интеграциялашув асосида “Тенге Драйв” ва “Тенге Март”ни ишга туширдик;
- рақамли каналларни ҳам ривожлантирмоқдамиз: банк маҳсулотларини фақат ўзининг мобил иловаси ёрдамида эмас, ҳамкорларнинг мобил иловаси орқали ҳам, улар билан интеграциялашув натижасида сота оладиган рақамли банк қуряпмиз;
- WAY4 платформасида карта процессингини ривожлантирмоқдамиз: 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда биринчи бўлиб кредит картасини ишга туширишни кўзлаяпмиз, бундан ташқари бўлиб тўлаш картаси, трансчегаравий p2p ўтказмаларини йўлга қўйишни, ҳамкорлар тармоғини ривожлантиришни, токенизация ёрдамида ўзимизнинг Tenge Pay тизимини очишни режалаштиряпмиз;
- BPM (бизнес жараёнларни моделлаштириш)-платформасини ривожлантиряпмиз, у ёрдамида мунтазам такрорланадиган қўлда қилинадиган жараёнларни автоматлаштирамиз. Масалан, ҳозир банк ўтказмасини (СВИФТ орқали) амалга ошириш учун ходимнинг 3 дақиқагина вақтини олади, бу вақт ичида тизим мижозни онбординг (Регула орқали) қилишга, ҳисобварақ очишга, маблағларни кирим қилишга, конвертацияни амалга оширишга, маблағларни жўнатишга ва ҳужжатларни қоғозга чоп этишга улгуради;
- “софт коллекшн”ни қўйдик, ушбу тизим автоинформатор, қарздорларга “бахт хати”, роботлашган қўнғироқлар ёрдамида муддати ўтган кредитларни ундириш жараёни самарадорлигини 70 фоизга оширди;
- хизматлар бўйича айтадиган бўлсам, иккиламчи бозор учун автокредитларни йўлга қўйиш, бирламчи бозор орқали автомобил сотиб олиш учун шартномалар тузишни автоматлаштиришни режалаштиряпмиз.
— Айтингчи, банк тизимида яхши, малакали ва замонавий раҳбар ходимлар етишмаётгандек туюладими сизга? Ҳозирги банк тизими кадрлари ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳа, афсуски, сиз айтганчалик, банк тизими ва жумладан биз ҳам сифатли инсон ресурслари етишмовчилигини сезмоқдамиз, айниқса бу тор доирадаги мутахассисликлар учун: дастурлаш, маълумотлар таҳлили, риск-менежмент йўналишларида билинмоқда. Бутун тизимда кучли кадрлар етишмовчилиги бўлиши хавфи ҳам мавжуд.
Сотув билан шуғулланувчи ходимлар бўғинида ҳам ходимлар етишмовчилиги бор, айнан шуни олдини олиш учун биз олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда талабаларни ҳозирданоқ ходим сифатида тарбиялаб боришни йўлга қўймоқдамиз.
Ходимлар малакасини ошириш ва уларни ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз, ҳар ҳафта турли мавзуларда, мижозбай ишлашдан тортиб, алоҳида маҳсулотларни сотишгача бўлган мавзуларда техник ўқув машғулотлар ва семинарларни ўтказиб турамиз.
— Нима деб ўйлайсиз, биздаги бирорта банк Халык банк сингари ўзини бошқа бир нечта қўшни давлатлардаги шўъба банкларини оча оладими?
— Келгуси 2-3 йилда, ўйлайманки, йўқ. Ҳозир Ўзбекистон қўшни давлатларга қараганда банк маҳсулотларини сотиш учун жозибалироқ бозор, шунинг учун инвестор (хоҳ у хорижий хоҳ маҳаллий бўлсин) катта эҳтимол билан қўшни давлатда офис очгандан кўра, ўзимизнинг бозордаги тармоқларини ривожлантиради.
— Агар имкони бўлганда, яна кимларни "Tenge Bank"ка ишга таклиф қилган бўлардингиз?
— (Кулади) Биз замонавий чакана банк қуриш йўлида, жамоамизга қўшилишни истаган, ўзбекча қилиб айтганда “юрагида олови бор” исталган ходимни ишга таклиф қиламиз.
— Банд бўлишингизга қарамай, ушбу суҳбат учун вақт ажратганингиз учун раҳмат!
Исмоил Туропов суҳбатлашди
Тасодифий хабарлар
"Туронбанк" АТБ Ислом савдони молиялаштириш корпорацияси билан 10 миллион АҚШ долларлик янги шартнома имзолади
Чирчиқда қалбаки ҳужжатлар орқали банкдан 4 млрд. сўм кредит олган фирибгар аниқланди
Август ойида олтин-валюта захиралари 1,7 млрд долларга ортди