“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва “Uzagrostar xolding” компанияси “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” V халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиб, бир қатор хорижий корхоналар билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини миллий бренд остида халқаро бозор расталарига олиб чиқиш бўйича келишувларга эришди.
Хусусан, "Uzagrostar xolding" компанияси таъсисчилигида ташкил қилинган 16 та ихтисослашган жамиятлар ва лойиҳа офислари ҳам 40 турдан ортиқ маҳсулотларнинг қуритилган ва хўл ҳолатдаги намуналари (тайёр қадоқланган ҳолатда) билан кўргазмада иштирок этмоқда. Кўргазмага қўйилган маҳсулотлар иштирокчилар ўртасида катта қизиқишлар уйғотди.
Пировард натижада, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, “Uzagrostar xolding” компанияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Магнит” бренди ва “GRT Сonsulting” МЧЖ компаниялари ўртасида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжатга кўра келгусида стратегик шериклик, агроагрегаторлар орқали маҳсулот етиштирувчиларнинг маҳсулотларини миллий бренд остида савдо тармоғи расталарига чиқаришга келишиб олинди. Шунингдек, маҳсулотларни марказлашган ҳолда агроагрегаторлар орқали сотиш тизимини йўлга қўйиш таклифи ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари “Магнит” бренди вакиллари Янгийўл туманида “Темирлан Маркетинг” хорижий корхонаси биносида маҳаллий экспортёрлар билан учрашув ҳам ўтказди. Музокаралар давомида томонлар ўзаро манфаатли келишувларга эришди.