Қирғизистон ўз рақамли валютасини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

19.04.2025 13:27

118

Қирғизистон президенти ахборот хизматига кўра, мамлакатда рақамли сом валютаси эмиссия қилинади. Қирғизистон Миллий банк рақамли сом эмиссиясини амалга ошириш ва муомалага киритиш тартибини белгилаш бўйича регуляторлик қилади. Рақамли сом 2027 йилдан муомалага чиқарилиши айтилмоқда.

Фото: ekonomist.kg

Қирғизистон Миллий банки мамлакат миллий валютасининг рақамли шакли "рақамли сом"ни ишлаб чиқади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти ахборот хизмати хабар берди.

Қирғизистон Миллий банки тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, регулятор рақамли сом эмиссиясини амалга ошириш ва муомалага киритиш тартибини белгилаш, шунингдек, рақамли сом платформасини ташкил этиш ва унинг ишлашини таъминлаш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга.

Бундан ташқари, қонун билан қуйидаги нормалар белгиланди:

  • Рақамли сом — Қирғизистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси ҳисобланган Қирғизистон Республикасининг рақамли шаклдаги миллий валютаси ҳисобланади;
  • Миллий банк рақамли сўм платформасининг оператори ҳисобланади;
  • Рақамли сом платформаси рақамли сомни эмиссия қилиш (чиқариш), ҳисобга олиш ва тарқатиш учун технологик ва дастурий инфратузилмани ифодалайди.

Хабарларга кўра, рақамли сом 2027 йилдан муомалага чиқарилади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Қирғизистон рақамли валюта чиқариши ҳақидаги хабарга муносабат билдирар экан, ушбу амалиёт орқали бюджет маблағларининг самарадорлиги яхшиланиши ва коррупцион омиллар қисқартирилиши мумкинлигини айтди.

"Миллий регуляторларнинг Рақамли валютани тажриба тариқасида муомалага чиқариши тобора урф бўлиб бормоқда. Рақамли валюта технологик қулайлиги, трансакцион харажатларнинг камлиги, рақамли из қолдириши ва шаффофлиги нуқтаи назаридан афзалликларга эга деб ҳисобланилади. Бу восита хусусан, келажакда бюджет маблағларининг самарадорлигини ҳам кескин яхшилаши ва коррупцион омилларни қисқартириши мумкин", деб ёзди Бакиров.

Иқтисодчи, шунингдек, мамлакат миллий валютасини ишлаб чиқаришда ҳам Марказий Осиёда Қирғизистон биринчи бўлганини эсга олди.

"Айтиш керакки, сиёсатдан масофаланган ва мустақил Қирғизистон Миллий банки турли тажрибаларда доим авангардда туради (Марказий Осиёда илк миллий валютани ҳам қирғиз қардошлар чиқарган ва сом 32 йилдан буён минтақада энг барқарор валюта бўлиб қолмоқда)", деди Отабек Бакиров. 

Ўтган йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) USDT ишлаб чиқарувчиси — Tether компанияси билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра, "Tether” ва ИЛМА Ўзбекистоннинг тегишли ҳокимият органлари билан биргаликда тезроқ, хавфсизроқ ва тежамкор молиявий операцияларни амалга ошириш мақсадида мамлакатнинг рақамли валютасини ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилиши айтилганди. Бироқ шундан кейин бу тўғрисида бошқа маълумот берилмади.

 

Теглар:

#рақамли_валюта#қирғизистон

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган