Ипотека банкдаги Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси улуши Молия вазирлигига ўтказилди

Ipoteka bank

Йил якунига қадар Венгриянинг "OTP-Bank"ига 75% акциялари сотилиши режалаштирилган "Ипотека-банк"нинг йирик акциядорлари таркибида ўзгариш юз берди. Ўзбекистоннинг суверен жамғармаси — Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли бўлган "Ипотека-банк"нинг 80% акциялари Молия вазирлигига ўтказилди. Бу ҳақдаги тегишли маълумот Корпоратив ахборот ягона портали openinfo.uz сайтига жойланди.

Ipoteka-bank affil. shaxslar

Фото: Скриншот. T.me/Corpinfo

Openinfo'га кўра, "Ипотека-банк" АТИБнинг аффилланган шахслари рўйхатидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда жамғарма 20% ва ундан ортиқ акцияга эга жамиятлар чиқарилган. Жумладан, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, "Ўзсаноатқурилишбанк", "Асакабанк", "Турон банк", "Алоқабанк", "Ўзагроэкспортбанк", "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК, "Ўзшаҳарқурилиш" ИК, "Ўзбек-Оман инвестиция компанияси", "Абу Даби Ўзбек инвестмент" МЧЖ, "Ўзбекистон Республикаси тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси" , "Тошкент металлургия заводи" МЧЖ эндиликда "Ипотека-банк"ка аффилланган шахслар эмас. Уларнинг ўрнига Молия вазирлиги ҳамда йирик акциядорлари таркибида Молия вазирлиги бўлган жамиятлар аффилланган шахслар рўйхатига қўшилган.

"Ипотека-банк"нинг расмий сайтида ҳам акциядорлар таркибида ўзгариш бўлгани акс эттирилган. 1 октябрь ҳолатига кўра, банкнинг 92,47 фоиз акциялари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли. Банк акцияларининг 2,54 фоизи эса Ўзбекнефтгаз АЖ, 4,56 фоизи 4743 та юридик шахслар, 0,44 фоизи 11 427 нафар жисмоний шахс қўлида.

Ipoteka-bank aksiyadorlar

Фото: Скриншот. Ipotekabank.uz

Эслатиб ўтамиз, 29 сентябрь куни Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 2021 йил якунига қадар "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банкидаги давлат улушининг 75 фоизи Венгриянинг OTP-Bankʼига сотилишини маълум қилган эди.

Шунингдек, Bankers.uz'га маълум бўлишича,  2021 йил 14 сентябрда ПҚ-5244-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон республикаси Президентининг "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банкини хусусийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (ХДФУ) кўра, Молия вазирлигининг Ипотека банк устав капиталидаги давлат акция пакетлари, шунингдек давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятларига тегишли барча акция пакетлари Молия вазирлигига ўтказилган ҳолда, "OTP-Group"га тўлиқ сотилиши белгиланган.

 

Мавзуга доир: Ипотека банкни сотиб олган OTP-Bank ҳақида нималар маълум?

×