Фото: "Дунё" АА
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев «Raiffeisen Bank International AG» (RBI) директорлар кенгаши аъзоси Лукаш Янушевский билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Учрашув давомида RBI вакилларига Ўзбекистонда банк-молия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, 2020-2025 йилларга мўлжалланган тизимни ислоҳ қилиш стратегиясининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилган.
Лукаш Янушевский Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимиз RBI иштирокини кучайтириш учун энг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Музокаралар чоғида Лукаш Янушевский Тошкентда RBI ваколатхонасини очиш режаларини эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, Банк офисининг расмий очилиши 2022 йилнинг бошига режалаштирилган бўлиб, бу қадам RBIнинг Ўзбекистон молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги жиддий ниятларининг тасдиғидир.
Эслатиб ўтамиз, «Raiffeisen Bank International AG» - Австриянинг етакчи корпоратив ва сармоявий банки бўлиб, у Марказий ва Шарқий Европада ҳам фаолият юритади. Банкнинг жами активлари 2020 йил сентябр ҳолатига кўра 163,7 миллиард еврони ташкил қилади. Ҳозирги вақтда RBI 14 мамлакатда, шу жумладан Россия, Чехия, Словакия, Венгрияда ўз шўъбаларига эга ва савдо ва экспортни молиялаштириш, лизинг, сармоя, хеджерлаш, нақд пул маблағларини бошқариш ва молиявий таваккалчиликларни бошқариш каби банк хизматларини кўрсатади. Банкнинг 2019 йилдаги соф фойдаси 1,23 миллиард еврони ташкил этган. Банк 47 минг кишилик ходимлари билан банк 16,7 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади.
RBI Ўзбекистон молия институтлари билан ўзаро алоқада катта тажрибага эга ва ҳозирда республиканинг 14 банки билан кредитлаш, депозит операциялари, касса ҳисоб-китоблари бўйича хизматлар, шунингдек, евробондларни чиқариш бўйича иш олиб бормоқда.
Хусусан, RBI 2021 йил апрель ойида Лондон фонд биржасида «Ўзсаноатқурилишбанк» ва "UzAuto Motors" халқаро облигацияларининг дебют эмиссиясини жойлаштириш учун ташкилотчи ва букраннер вазифасини бажарган. Бундан ташқари, банк республикамиз банк тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш доирасида Eвропанинг йирик молия институтлари орасида потенциал инвесторларни топишга ёрдам беради.
Тасодифий хабарлар
Tashkent City'даги сотилиши эълон қилинган учта банк биноси ҳақида нималар маълум?
Андижонда паррандачилик учун имтиёзли кредитлар мажбурий тарзда битта фирмага ўтказилаётгани айтилмоқда
Асакабанк бошқаруви раиси ёшлар билан учрашув ўтказди