Тўлов тизимлари орқали пул ўтказмалари назорати кучайтирилади — бу нимани англатади?

03.04.2025 17:17

538

Ижтимоий тармоқларда тўлов тизимлари орқали БҲМнинг 30 баравари (11,25 млн сўм)дан ортиқ миқдордаги пул ўтказмаларини амалга оширишда "назорат кучайтирилиши" ҳақида хабарлар тарқалди. Финтех-блогер Шухрат Курбанов қонунчиликка киритилаётган ўзгаришларни нотўғри талқин қилмасликка чақириб, "аслида, бу шунчаки техник жараён эканлиги ва амалиётларга умуман таъсир қилмаслигини" айтди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк ва Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур ўзгартириш тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари орқали пул ўтказмалари учун амал қилади.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 2 июлдан бошлаб тўлов ташкилотлари учун фуқаролар мобил иловаларда янги ҳисоб очиши ҳамда юридик шахслар учун электрон терминал (E-POS) очишда кучайтирилган текширувдан ўтиши керак бўлади.

Янги тартибларга кўра:

  • Агар жисмоний шахс тўлов ташкилоти иловасида аккаунт очмоқчи бўлса;
  • Электрон терминал (E-POS) орқали фаолият бошламоқчи бўлса;
  • 187,5 млн сўмдан кўп операцияни аккаунтсиз амалга оширмоқчи бўлса;
  • Мижоз ҳақидаги маълумотлар шубҳали бўлса — ташкилот мижозни текшириши шарт бўлади.

Шу билан бирга, 11,25 млн сўмдан юқори электрон пул ўтказмаларида жўнатувчи ва қабул қилувчи ҳақида тўлиқ маълумотлар кўрсатилиши мажбурий бўлади. Бунда:

  • жисмоний шахслар учун — исми, паспорт ёки ID-карта серияси ва рақами, туғилган санаси ва жойи;
  • юридик шахслар учун — номи, солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) тақдим этилади.

Агар олувчи банки жўнатувчи тўғрисидаги маълумотларни бошқа манбалардан олиш имкониятига эга бўлса, жўнатувчининг ЖШШИР, ҳисоб рақами ёки операция идентификаторини илова қилиш етарли 11,25 млн сўмгача бўлган пул ўтказмалари учун фақат жўнатувчи ва олувчининг исмини илова қилиш мумкин.

Бундан ташқари, тўлов хизматлари, тўлов тизимлари ва электрон пуллар операторлари идентификациялашда тақдим этилган маълумотларнинг молиялаштирувчилар ёки ноқонуний фаолиятни молиялаштиришда гумон қилинаётган шахслар рўйхатидаги маълумотларга ўхшашлигини аниқлаш учун аниқлик даражасини белгилашлари зарур. Ҳар бир маълумот элементи учун аниқлик даражасини алоҳида кўрсатиш талаб этилади.

БҲМнинг 30 барваридан ортиқ бўлган ички пул ўтказмаларини электрон пул тизими орқали жўнатишда хизмат кўрсатувчи ҳисоб-китоб рақами ёки операция рақамини, шунингдек олувчи ҳақидаги маълумотни, жумладан исми ва ҳисоб рақами ёки операция идентификаторини илова қилиши шарт.

Бу нимани англатади?

Юқоридаги ўзгаришлар тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари орқали пул ўтказмалари учун тегишли равишда қўшимча мониторинг тадбирларини ўтказиш бўйича мажбуриятлар юклайди. Хусусан, мижозлар - мобил илова фойдаланувчилари, электрон пул ўтказмаларини ўтказувчилар ва E-POS терминаллари эгаларини лозим даражада текшириш зарур бўлади. Бироқ ушбу ҳолат, жисмоний шахсларнинг амалиётларига таъсир қилмайди.

Финтех эксперт, блогер Шуҳрат Курбанов оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ушбу янгилик ҳақида фикр билдириб, жамоатчиликни ташвишланмасликка чақирди.

Биринчидан, барча маълумотларингиз шундоқ ҳам банкларда бор — ҳисоб/карта очганингизда, улар сизни ҳужжатларингизга қараб аниқлашган, демак, шундоқ ҳам сиз ҳақингизда ҳамма нарсани билишади. Иккинчидан, сиз картадан-картага пул ўтказмаларини амалга ошираётганингизда, банклар ўртасида маблағларни жўнатувчи тўғрисидаги маълумотларни узатиш бўйича маълумотлар алмашинуви мавжуд бўлади, деб ёзди Шухрат Курбанов.

Экспертнинг таъкидлашича, Низомга 312-банднинг киритилиши кўпроқ техник хусусиятга эга, яъни банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасида жўнатувчи тўғрисидаги шахсий маълумотларни узатиш бўйича ахборот алмашинувини тартибга солишини таъкидлади.

Хусусан, БҲМнинг 30 бараваридан юқори бўлган ўтказма ёки тўловларни Давлат солиқ органлари ёхуд Прокуратура департаментига тақдим этилиши ҳақида гап кетмаган. Мижозлар учун амалда ҳеч нарса ўзгармайди, уларда қўшимча ҳужжат ёки амаларни бажариш талаб қилинмайди.

Ш.Курбановнинг қўшимча қилишича, "аввал қандай маълумотлар (телефон рақами ёки карта рақами) талаб этилган бўлса, кейинчалик ҳам жараён шундай давом этади".

Теглар:

#пул ўтказмалари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган