2025 йилнинг 25 март куни Рақобат қўмитасида тижорат банкларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш стратегиясини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2024 йил давомида Қўмитага 30 мингдан ортиқ истеъмолчилар мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 80 фоизи истеъмолчи фойдасига ҳал қилинган. Шунингдек, молиявий хизматлар бўйича мурожаатларнинг 10 фоизи банклар билан боғлиқ бўлган.
Фото: Рақобат қўмитаси ахборот хизмати
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, истеъмолчилар банкларга эмас, балки назорат органларига шикоят қилишни афзал кўради. Шунингдек, қайд этилишича, банклар мурожаатларни тезкор ва холисона кўриб чиқишда камчиликларга йўл қўймоқда.
Бугунги кунда банкарда ахборот ошкоралиги ва реклама қонунчилигига риоя қилиш борасида ҳам муаммолар мавжуд эканлиги таъкидланди.
Хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, Қўмита банклар учун истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни таклиф этмоқда. Бу жараёнда халқаро экспертлар, жумладан, German Sparkassenstiftung мутахассислари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Фото: Рақобат қўмитаси ахборот хизмати
Қўмита банклар ва тадбиркорлик субъектларини истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақирди.